2017 йил март ойида бошланган Тошкент чорраҳаларида жойлашган видеокамералар орқали йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш дастурий таъминотининг лицензия муддати тугади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 27 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида айтиб ўтилди.

Пойтахт маъмурияти ҳузуридаги Рақамли ривожланиш бўлими бошлиғи ўринбосари Алексей Хеннинг таъкидлашича, 114 та чорраҳада Швейцария компанияси билан биргаликда камералар, шунингдек йўналишли объектларда бир нечта радарлар ўрнатилган.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозирда ABL-Soft&SS томонидан ишлаб чиқилган AutoCon тизимини (давлат рақамини автоматик таниб олиш, тезликни ўлчаш ва қоидабузарликларни аниқлаш) сотиб олиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

«Биз улар билан суҳбатлашдик, улар бизга тижорат таклифини беришди. Бир миллиард юз миллион сўм — бу тизимнинг нархи», — деди Алексей Хен. Унинг айтишича, битта комплексда ойига 300 млн сўмлик қоидабузарликлар қайд этилган. «Яъни, биз икки ой ичида ҳаммасини қоплашимиз мумкин», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 15 мартда Тошкент чорраҳаларида видеокамералар орқали йўл ҳаракати қоидаларини бузишни қайд этиш тизими ишга туширилди. Шу билан бирга, «Газета.uz» ушбу тизим қандай ишлашини ва қонунбузарликлар қандай аниқланишини батафсил баён қилган эди.

2018 йил август ойида пойтахт ИИББси автоматлаштирилмаган радарлардан фойдаланишни тақиқлаб қўйди ва унинг ўрнига AutoCon қурилмаларидан фойдаланиш тавсия этилди. Кейинчалик ушбу тизим ҳақида ABL-Soft&SS асосчиси Араббой Марахимов сўзлаб берган эди.