Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида эксперимент ўтказилганини маълум қилди. Эксперимент «Нобель» мукофоти совриндорлари Банержи, Дюфло ва Кремернинг камбағалликни қисқартириш бўйича тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган.

«Ишчи гуруҳи аъзолари 8 кун давомида Бўка туманидаги барча маҳаллаларда 10−12 тадан жами 504 та, Чиноз туманидаги барча маҳаллаларда 10−12 тадан жами 648 та, умумий ҳисобда 1152 та уй хўжаликларида кузатувларни амалга оширди», — дейилади хабарда.

Кузатувлар давомида уй хўжаликлари таркиби, яшаш шароитлари, истеъмол харажатлари, реал даромадлари, узоқ муддат фойдаланадиган воситалари, уй хўжалиги аъзоларининг моддий неъматлар ва ижтимоий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари, жумладан, бепул тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандларининг таълим олиши сифати, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббуслари ўрганилган.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг ёшига нисбатан бўйи, вазни ўлчанди ҳамда дарсларни ўзлаштириши ўрганилди. Психологлар томонидан эҳтиёжманд оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг психологик портретини шакллантириш ва камбағалликдан чиқариш бўйича руҳий рағбатлантириш ишлари амалга оширила ди.

Кузатувларда олинган маълумотлар асосида Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини аниқлаш, «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчиси» бўйича ҳисоб-китоб ишларини якунига етказиш кўзда тутилган. Қолаверса, аҳолининг базавий истеъмол харажатлари ва камбағаллик чегараси мезонини ҳисоблашни амалиётга жорий этиш ва камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган стратегик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланиш режалаштирилган.

Маълумот учун, 2019 йилги «Нобель» мукофоти лауреатлари, АҚШ олимлари А.Банержи, Э.Дюфло ва М.Кремер камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишларнинг ривожланётган мамлакатларда амалий жиҳатдан қўлланилиши томонидан эксперимент ўтказишган.

Олимлар ривожланаётган мамлакатларда қуйидаги йўналишларда экспериментлар олиб боришган:

  • камбағалликни қисқартишга қаратилган чора-тадбирлар жойлардаги шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда аниқ тажрибалар асосида ишлаб чиқилиши;
  • арзон ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бепул эмлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
  • аҳолининг таълим олиш давомийлиги ва таълим сифатини ошириш;
  • ижтимоий ҳимоя тизими ва муҳтожларни моддий қўллаб-қувватлаш;
  • микрокредитлаш ва тадбиркорликка руҳлантириш;
  • камбағалликни қисқартиришда психологик факторларнинг ролини ошириш;
  • ривожланаётган мамлакатларда камбағалликни қисқартириш бўйича институционал чекловларнинг мавжудлиги ва бошқалар.