Беларусь ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тартибсизликларни ташкиллаштирганлар ва уларда иштирок этганларга нисбатан 500 дан ортиқ жиноий иш қўзғатди, деди Беларусь Бош прокуратура раҳбари ўринбосари Андрей Сербун. Унга кўра, уларнинг аксарияти Минскдаги норозилик намойишлари билан боғлиқ, дея хабар берди TUT.BY портали.

Андрей Сербун, шунингдек, «ҳар бир ҳуқуқбузар аниқланади ва унинг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади» дея таъкидлади. Бош прокуратура вакилининг айтишича, норозилик ҳаракати радикаллашмоқда. Унинг сўзларига кўра, ноқонуний хатти-ҳаракатлар натижасида етказилган зарар миқдори 18 минг рублдан ошган, уларнинг 15 минги аллақачон қопланган.

Хавфсизлик кучларининг шафқатсиз ҳаракатларидан жабр кўрган фуқароларнинг баёнотлари бўйича жиноий ишларга келсак, ҳаммаси текширув босқичида, дея қайд этмоқда портал.

«Ҳар бир мурожаат Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ текширилади. Ушбу текширув жараёнида ариза берувчининг ички ишлар идоралари ходимларининг ҳаракатларининг ноқонунийлиги тўғрисида берган далилларини ўрганишдан ташқари, ушбу вазиятда ариза берувчи ҳаракатларининг қонунийлиги ҳам текширилади», — деди Андрей Сербун.

«Мақсад марказни эгаллаш эди — бунга йўл қўймадик. Биз полиция бўлимларига бордик, энг даҳшатлиси, яшаш жойларига бордик. Қоронғи, одамлар қўрқиб қолган. Кимдир соат еттида болалар билан кўчага чиқди. Оломон маст, ақлдан озган, гиёҳванд моддалар истеъмол қилган, чеккан бўлиши одатий ҳолми? Юзлаб одамлар бу ерга ошиқишарди. Полиция нима қилиши керак эди? Бу менинг одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун берган буйруғим эди. Хонадонларга киришга тўғри келди, у ердан бу гиёҳвандларни олиб чиқишлари керак эди», — деди президент Александр Лукашенко «халқнинг ультиматум» муддати тугаган куни бўлиб ўтган намойишлар тўғрисида.

Душанба куни, «халқ ультиматумидан» кейинги биринчи кун Беларусь бўйлаб норозилик акциялари бўлиб ўтди. Эрталаб хавфсизлик ходимлари йирик корхоналарнинг назорат пунктларида навбатчилик қилишди ва иш ташлашни истаётганини эълон қилган ва уларни қўллаб-қувватлаш учун келган ишчиларни ҳибсга олишди, университетлар талабаларини тарқатиб юборишди, бирдамлик занжирига қўшилган технологиялар паркидаги IT-мутахассисларини қўлга олишди ва кечқурун кўчалар ва майдонларни намойишчилардан тозалашди. «Весна» инсон ҳуқуқлари марказининг маълумотларига кўра, кун давомида 300 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.