Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги бир қатор дала ҳовлилар жойлашган посёлкаларнинг бирида 20 октябрь куни цистерна ёрилиши натижасида катта ҳудудни сув босган эди. Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва зарар кўрган дала ҳовли эгаларига моддий кўмак кўрсатиш мақсадида махсус комиссия тузилди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, «Авиастроитель» боғдорчилик-узумчилик ширкат ҳудудидаги сув йиғиш резервуари (2000 м3 сиғимга эга) 1977 йилда қурилган бўлиб, кўп йиллардан бери фойдаланилгани боис, таъмирталаб ҳолатга келган, темир конструкцияларининг мустаҳкамлик даражаси йўқолгани туфайли авария ҳолати рўй берган. Мазкур ширкат 629 та ҳовлига хизмат кўрсатади.

Ҳодиса оқибатда 17 та дала ҳовлига сув кирган. Хусусан, резервуар яқинида жойлашган 7 та дала ҳовли жиддий зарар кўрган.

«Масалан, Раҳматуллаева Гулнора, Мирзаева Ирина, Доброенка Кира, Широнова Евгения, Махсумов Довудхон, Абдуллаева Марҳамат ва Ашурова Бумайрамга тегишли дала ҳовлининг асосий биноларига жиддий зиён етган. Уйнинг яшаш хоналари, ошхона, ҳаммом, ҳожатхона ва бостирмаси тиклаб бўлмайдиган даражага келган», — дея маълум қилди вилоят маъмурияти.

Бугунги кунда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан тезкор чоралар кўрилмокда. Ширкат раҳбари Улуғбек Абдуллаев бошчилигида зарар кўрган 7 та дала ҳовлини тиклаш ишларига киришилган.

Шунингдек, туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат комиссия тузилган. Комиссияга туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, молия бўлими, туман бош меъмори, ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри, бандликка кўмаклашиш маркази, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутасаддилари кирган бўлиб, улар ширкат раҳбари ва ширкат аъзолари билан кўрилган зарар миқдорини аниқлашади. Зарар кўрган дала ҳовлиларнинг бино ва иншоотлари таъмирланади.

Шунингдек, бугунги кунда туман электр тармоқлари, газ таъминоти, «Сувоқава» филиали корхоналари томонидан соҳалар бўйича таъминот тизимларининг ҳолати ўрганилиб, зарар кўрган дала ҳовлиларда коммунал тармоқларни тиклаш-таъмирлаш ишларига киришилди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 20 октябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилояти Паркент туманидаги боғ ва узумчилик шериклигида (БУШ) 2000 кубометр ҳажмга эга цистерна ёрилгани ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz» мухбири посёлкага ташриф буюриб, у ернинг аҳолиси ва туман маъмурияти билан суҳбатлашиб, вазиятни ёритди.