«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» маъсулияти чекланган жамиятлари шу кунларда оммавий равишда ходимларини ишдан бўшатишни бошлади. ЎзАнинг хабар беришича, айни пайтгача 130 нафардан зиёд ходим ишдан бўшатилган.

Маълумотларга кўра, «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» заводлари йил охирига қадар деярли барча ишчиларни ишдан бўшатишни мўлжаллаган. Ҳозирда иккита заводда жами 2000 нафардан зиёд ишчи ходимнинг даромадсиз қолиш хавфи туғилмоқда. Аввалроқ компаниялар ўтган йилга нисбатан 3,5 баравар кўпроқ шакар олиб кирган импортчилар билан рақобатлашиш мушкул бўлиб қолганини таъкидлашганди.

«Газета.uz»нинг «Ангрен шакар»даги манбаси ҳам буни тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт қилинадиган шакар билан рақобатлашиши қийин, чунки апрель ойининг бошидан 20 турдаги товарлар, шу жумладан шакар импортига божхона тўловлари ва акциз солиғи ставкалари нолга тенглаштирилди. Маҳаллий корхоналар эса ҳом ашё учун акциз солиғини тўлашни давом эттирмоқда. Ҳозирда корхона 700 нафар ишчи билан шартномага эга, бироқ бугунги кунга келиб уларнинг хизматига эҳтиёж қолмаган. Бозордаги ноқулай рақобат майдони туфайли корхоналар ўз маҳсулотларини сотишида муаммолар юзага келган ва омборхоналарда катта миқдорда шакар тўпланиб қолган.

«Газета.uz» июль ойида 47 минг тоннадан ортиқ шакар корхоналар омборларида сақланиб қолгани ва ҳом ашё танқислиги боис ишлаб чиқариш тўлиқ тўхтагани ҳақида ёзган эди. Ўшанда Монополияга қарши курашиш қўмитаси иккита ишлаб чиқарувчи корхона 16 июль куни 12 минг тонна, жумладан, «Ангрен шакар» 650 тонна, «Хоразм шакар» эса 350 тонна шакарни биржа савдоларига қўйганини маълум қилган эди.

Аввалроқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси сентябрда шакар нархи кескин ошгани ҳақида маълум қилганди. Қайд этилишича, бугунги кунда республикада 2 та шакар ишлаб чиқарувчи корхонадан, 100 дан ортиқ юридик шахслар томонидан шакар маҳсулоти мунтазам импорт қилинади. 2019 йилнинг 9 ойида 82 минг тонна, 2020 йилнинг мос даврида 288 минг тонна шакар импорт қилинган. Қўшни давлатларда ноқулай ов-ҳаво туфайли қандлавлаги ҳом ашёси танқислиги кузатилиши тахмин қилинган эди. Авгуснинг бошида 1 кг шакарнинг нархи ўртача 34 фоизга ўсган. Яъни, шакар нархининг ошишига импортдан келтирилаётган шакарнинг нархи кўтарилиши сабаб бўлгани айтилганди.

Қўмита маълумотида келтирилишича, сентябрь ҳолатига «Хоразм шакар» МЧЖ ва «Ангрен шакар» МЧЖларда 40 минг тонна тайёр шакар заҳиралари мавжуд бўлган. Августда махаллий шакарнинг улгуржи нархи биржа савдоларида ўртача 5840 сўмни ташкил этган бўлса, сентябрдан 6585 сўмга кўтарилган.