Россиянинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизмати (Роспотребнадзор) аҳолини одамлар кўп бўлган жойларда, транспортда, парковка ва лифтларда ниқоб тақишга чақирди. Ушбу қарор 28 октябрдан кучга киради. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Роспотребнадзор шунингдек қуйидагиларни тавсия қилди:

  • кўнгилочар тадбирлардан воз кечиш ва кафеларнинг фаолиятини соат 23:00 дан 06:00 гача тўхтатиш;
  • транспортда, таксиларда, дўконларда, ресторанларда ва театрларда дезинфекция қамровини ошириш;
  • ҳудудларда 100 минг аҳолига камида 150 та коронавирусга тест олиш.

Энг оғир вазият Россиянинг пойтахтида кузатиляпти, шу сабабли Москва аҳолисидан ниқоб ва қўлқоп режимига риоя қилиш талаб этилади, баъзи ходимлар ва мактаб ўқувчилари онлайн форматга ўтишди, нафақахўрлар ва сурункали касалликларга эга одамларга имкони борича уйда қолиш тавсия этилди.

Москва мэрияси тунги клублар ва барлар ёпилмаслигини айтди. «Шаҳарда коронавирус динамикасининг сезиларли пасайиши кузатилмоқда ва биз иқтисодиётнинг бирон бир соҳасини ёпмасликнинг иложи бор деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.

Россия COVID-19 ни юқтирганлар сони бўйича жаҳонда тўртинчи ўринда турибди. Мамлакатда бир ярим миллиондан ортиқ коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланди, уларнинг 1,15 миллионга яқини тузалди, 26 мингдан ортиғи вафот этди.