Вазирлар Маҳкамасининг 26 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Давлат резиденцияларига хизмат кўрсатиш ва тадбирларини ташкиллаштириш бошқармаси «Кўксарой қароргоҳи» давлат муассасасининг ҳудудини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс ташкил этмасдан, «Кўксарой қароргоҳи» давлат муассасаси ҳудудини ободонлаштириш дирекциясини тузиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинмоқда.

Дирекция директори бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб белгиланди. Унинг бошқарув ходимлари чекланган сони 4 нафар (директори, бош агроном, муҳандис, участка бошлиғи)дан иборат бўлади.

Бундан ташқари, қарор билан дирекция учун сув сепиш ҳамда «ПМ-8» русумли сув сепиш ва қор кураш машинаси, ағдарма машина, Дамас-2, ТТЗ трактори, трактор тиркамаси, 100 литрли ва орқада кўтариб юриладиган пуркагич, газон ўриш техникаси (20 та) ва триммер (20 та) харид қилишга 2 млрд 35 млн 313 минг сўм ажратилмоқда.

Ойлик маош ҳамда техник базани яхшилаш бўйича сарфланадиган ҳаражатлар 2020 йилда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига прогноздан ортиқча тушган даромадлар ҳамда иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан қопланади. 2021 йилдан эса маблағлар республика Давлат бюджети параметрлари доирасида ажратилади.

Ишчи ходимлар сони туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимлари сони нормативини белгилаш йўриқномасига мувофиқ, Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган бошқармасидаги мавжуд бўлган ходимлар сони доирасида тузилади.

Дирекция ходимлари «Кўксарой қароргоҳи»га туташ ҳудуддаги маъмурий ва ишлаб чиқариш биноларига жойлаштирилади.