27 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳри марказий қисмининг истиқболли лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга сафари чоғида Нукус шаҳрини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

«Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак. Янгича ишламасак, замон қабул қилмайди», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Нукуснинг марказий қисми лойиҳасини Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев тақдим этди. Хусусан, кўчаларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш, кўллар ва истироҳат боғларини яратиш, савдо шохобчалари ва йирик бозорлар, турар-жой бинолари, IT-парклар сонини кўпайтириш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев Қорақалпоғистон пойтахтига ташриф буюрди. Ташриф чоғида у Нукус ҳокимига «Истиқлол» боғини ободонлаштириш ва безатиш лойиҳаси ҳамда мусиқий фавворали кўл яратиш бўйича ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, Тошкент шаҳри иқтисодиётини яхшилаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев 20 хонадонга мўлжалланган беш қаватли бир подъездли турар-жой биносининг намунавий лойиҳасини тасдиқлаган эди. Бундай уй-жойлар мамлакатнинг ҳар зич жойлашган ҳудудида қурила бошлайди. Бу аввал қурилган уйларга қараганда 33 фоизга арзонроқ бўлади, деди Қурилиш вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.