27 октябрдан бошлаб Андижон вилоятидаги автомобилларга газ қуйиш компрессор станцияларига газ етказиб бериш муддати соат 06:00 дан 16:00 гача этиб белгиланди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Андижон» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

«Ҳурматли табиий газнинг улгуржи истеъмолчилари! Қиш мавсумида табиий газ билан таъминлаш ишлари жараёнига боғлиқ ҳолда, вилоятга етказиб бериладиган табиий газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Шу сабабли, тақсимотга кўра, табиий газ, авваламбор, аҳоли ва ижтимоий объектларни узлуксиз етказиб беришга йўналтирилган», — дейилади хабарда.

Компания вилоятдаги барча ҳайдовчилардан хавфсизлик қоидаларига мувофиқ автомобилларига ҳар куни соат 06:00 дан 16:00 гача ёнилғи қуйишларини сўрайди.

«Худудгаз Андижон» вилоятда 81 та газ қуйиш шахобчаси мавжудлигини таъкидламоқда.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон бюджет ташкилотлари 2020 йилда 405,4 минг тонна кўмир олгани ҳақида хабар берган эди, бу ўтган йилга нисбатан 18,3 фоизга кўпдир. Бу газ қазиб олишнинг деярли 20 фоизга пасайиши фонида юз бермоқда. Кўмирнинг катта қисми Андижон ва Фарғона вилоятлари учун зарур эди.

Табиий газ қазиб олинишининг пасайиши кўмир таъминотига эҳтиёжни келтириб чиқармоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йилнинг ўтган 9 ойи давомида газ қазиб чиқариш деярли 20 фоизга камайди, яъни 44,8 млрддан 36 млрд кубометргача. Газ конденсати эса 35 фоизга, 1,5 млн тоннадан 1 млн тоннага, кўмир — 3%, яъни 2,7 млндан 2,6 млн тоннагача камайган.