Вазирлар Маҳкамасининг 27 октябрдаги «Олий таълим муассасаларини нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 мартга қадар хоирижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда трансформация қилиш учун 5 та ОТМ очиқ танлов асосида саралаб олиниши белгиланмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддат ичида очиқ танлов шартлари ва ўтказиш тартибини ишлаб чиқади. Вазирликка шунингдек, 2021 йил 1 майга қадар танлаб олинган ОТМларни трансформация қилиш дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси ҳам юклатилмоқда.

Мазкур қарордан кўзланган асосий мақсад ОТМлардаги таълимни рақамли форматга ўтказиш, билимлар трансферини таъминлаш, инновацион тадқиқотларни ривожлантириш ва амалиётга жорий этишдан иборат.

2021/2022 ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида трансформация қилинадиган олий таълим муассасаларида:

  • бакалавриат ва магистратура учун тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари уларнинг ўзлари томонидан белгиланади;
  • бакалавриатга кириш имтиҳонлари мустақил ўтказилади;
  • таълим жараёнига ҳамкор сифатида бириктирилган нуфузли хорижий ОТМ профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.

Ушбу ҳужжат билан 2021/2022 ўқув йилидан трансформация қилиш учун танлаб олинган ОТМларга академик мустақиллик бериш режалаштирилмоқда.

Трансформация жараёнларини молиялаштириш учун ОТМларнинг бюджетдан ташқари ҳисобидаги ва Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари жалб қилинади.