Рамзан Қодиров Франция президентини террорчига ўхшатди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Франция президенти Эммануэль Макроннинг Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги сўзларига муносабат билдирди ва уни терроризмнинг етакчиси деб атади. Қодировнинг сўзларига кўра, Макроннинг баёнотлари аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. «Франция президентининг ўзи энди террорчига ўхшаб кетмоқда. Провокацияларни қўллаб-қувватлаб, у яширин равишда мусулмонларни жиноят содир этишга чақиради», — деб ёзади Чеченистон раҳбари. — Рамзан Қодировнинг Telegram канали.

Япония АҚШ туфайли жабрланганларга ёрдам бериш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди

Японияда турли партиялардан бўлган бир гуруҳ депутатлар Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги босқичида АҚШ томонидан бомбардимон қилинганларга давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашди. Ҳар бир жабрланувчига, шу жумладан, психологик шикаст олганларга 500 минг иена (тахминан 4,8 минг доллар) тўланади. — ТАСС.

65 миллионга яқин америкаликлар умумий сайловларда муддатидан аввал овоз беришди

АҚШда ҳозирга қадар 64,7 миллион америкалик 3 ноябрда белгиланган сайловларида муддатидан аввал овоз беришди. Улардан 43,8 миллион киши почта орқали, 20,9 миллион киши эса бевосита сайлов участкаларида овоз берди. Таъкидланишича, овоз берганларнинг 48,9 фоизи демократлар, 28,4 фоизи республикачилар, 0,6 фоизи бошқа партиялар тарафдорлари, 22,1 фоизи қайси партияни қўллаб-қувватлашини кўрсатмаган. — United States Elections Project.

Россия коронавирусга қарши чораларни кучайтирди

Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизмати (Роспотребнадзор) аҳолини одамлар кўп бўлган жойларда, транспортда, автотураргоҳ ва лифтларда ниқоб тақишга чақирди. Ушбу қарор 28 октябрдан кучга киради. Москва мэрияси тунги клублар ва барлар ёпилмаслигини айтди. «Шаҳарда коронавирус динамикасининг сезиларли пасайиши кузатилмоқда ва биз иқтисодиётнинг бирон бир соҳасини ёпмасликнинг иложи бор деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда. — Газета.uz

Ойда сув излари борлиги аниқланди

NASA раҳбари Жим Брайденстайннинг маълум қилишича, Ойнинг Қуёшга қараган томонида биринчи марта сув излари борлиги аниқланди. Янгилик Германия-АҚШ телескопи Sofia’да олиб борилган тадқиқотлар доирасида кашф қилинди. АҚШ космик агентлиги Ернинг ягона табиий сунъий йўлдошидаги сувнинг аниқ далилларини топди. Кашфиёт Ойни стратосфера расадхонаси ёрдамида ўрганиш пайтида аниқланди. Сув молекулалари осмон жисмининг жанубий қисмидаги Клавиус кратеридан топилган. — Газета.uz

Яқин Шарқнинг бир қатор мамлакатлари француз маҳсулотларига бойкот эълон қилди

23 октябрдан бошлаб Яқин Шарқдаги ижтимоий тармоқларда Франция ва француз маҳсулотларини бойкот қилишга чақириқлар тарқалмоқда. Норозиликларга Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатда сўз эркинлиги, шу жумладан карикатуралардан воз кечилмаслиги ҳақидаги айтган гаплари сабаб бўлди. Бундан ташқари, ўтган ҳафта Charlie Hebdo сатирик мультфилмларидан лавҳалар Монпелье ва Тулузадаги ҳукумат биноларида намойиш этилди. — Газета.uz