2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Тошкентда олий таълим муассасалари ўртасида «Талабалар лигаси», Регби-7 бўйича Ўзбекистон чемпионати, Мудофаа вазирлиги, Миллий Гвардия, ФВВ, ДХХ ва ИИБ ходимлари ўртасида Регби-15 бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда 3 та ёш тоифасида «Олтин Овал» кубогини ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мамлакатда спортнинг регби турини ривожлантиришда раҳбарларининг роли, масъулияти ҳамда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига бағишланган йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев президентнинг 2019 йил 29 октябрдаги регби спортини ривожлантиришга оид қарори ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги.

Унда қайд этилишича, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида жами 33 та қўшимча секция ва тўгараклар ташкил этилиб, 500 нафардан зиёд спортчи жалб этилган.

2020−2021 ўқув йилида Ўзбекистон Миллий университетнинг регби бўлимига 36 нафар талаба, Жисмоний тарбия ва спорт университетига эса 15 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

«Ўзбекистон миллий терма жамоаси нуфузли халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, шарафли ўринларни эгаллаб келмоқда ва Осиё минтақасидаги давлатлар орасида кучли саккизликка кўтарилган», - деди Регби федерацияси раиси.

Шунингдек, мамлакатда спорт мактабларининг регби бўлимларида ўқув-машғулот жараёнининг самарали ташкиллаштирилишини мониторинг қилиш тизими жорий этилгани таъкидланди.

Ҳисоботга кўра, 2020 йил 1 июлда Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев Япониянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори ҳамда JAIKA вакили Такасака Мунео билан учрашган. Унда Япония гранти асосида 2 нафар мураббий Ўзбекистонда фаолият юритишига келишиб олинган.

Бундан ташқари, илмий-услубий ишланмалар ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, регби-7 ва регби-15 бўйича тайёргарлик дастурлари, 600 дона «World Rugby» ўқув қўлланмаси ўзбек тилига (кирилл ва лотин алифболарида) таржима қилинган ва чоп эттирилиб, регби бўйича селекционерларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастури ишлаб чиқилган.

Йиғилишда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўқув-машқ жараёнини ўтказиши учун Ўзбекистон Регби федерациясининг спорт базасини қуришни 2021 йилда тегишли дастурга киритиш бўйича аниқ ишларни амалга ошириш белгиланди.

Таъкидлаш жоиз, Миллий Университет стадиони регби бўйича миллий терма жамоаларнинг мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши учун замонавий стандартлар асосида таъмирланади.

Бундан ташқари, яқин вақт ичида «тег-регби» ҳар бир туманда биттадан умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия дастурига киритилиши ҳамда танланган мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари «тег-регби» бўйича ўқув қўлланмалари билан таъминланиши қайд этилди.