Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартга қадар Миллий ўқув дастури ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу таклиф Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармони лойиҳасидан жой олган.

Ҳужжат лойиҳасида келтирилишича, Ўқув дастурида ўқув режасини такомиллаштириш ва умумий ҳафталик ўқув юкламасини камайтириш ҳамда ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш ҳисобига уларнинг сонини оптималлаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, таълим олишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий қилиш мақсадида 2021 йил 1 июнга қадар халқ таълими ходимларига қайта тайёрлаш ва малака оширишга ихтисослашган давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида кредитларни йиғиб бориш имкониятини яратилади.

2020−2021 ўқув йилидан бошлаб хорижий талабаларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни йилда икки марта семестрнинг бошида ташкил қилинади.

Шу билан бир қаторда, фармонда 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)даги мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиниши таъкидланган.

ОТМларига кирмоқчи бўлган абитуриентларнинг назарий билимларини ўзлаштириш даражаси билан бирга уларнинг мантиқий фикрлаши, масала ва мисолларни бажара олиши қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган, компетенцияга асосланган тест топшириқлари ишлаб чиқилади

Бундан ташқари, 2021 йил 1 январга қадар олий таълим ташкилотларининг педагогик бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар учун шартнома асосида қисқа муддатли педагогик курслари ташкил қилинади.

Фармон лойиҳасида 2021 йил 1 майга қадар ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилиш ва шахсий ҳисобини юритиш имкониятини таъминловчи «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформасини ишга тушириш ҳамда 2021 йил 1 майдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотларига халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.

2021−2022 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасалари битирувчилари ўз касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун «касбга йўналтириш тизими»ни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу тизим орқали, 7-синф битирувчиларида касблар бўйича бирламчи билим ва кўникмаларни шакллантириш учун педагог ҳамда психологлар томонидан уларни профессионал ташхислаш орқали касбий мойиллигини аниқлаш ҳамда турли тармоқлар фаолияти билан танишиш учун шарт-шароитлар яратилиши тахмин қилинмоқда.