Сентябрь ойида гўшт маҳсулотларининг нархи 3,8 фоизга ўсди. Жумладан, қўй гўшти 5,7 фоизга, мол гўшти 5,0 — 5,4 фоиз оралиғида, қийма 4,2 фоизга, колбаса маҳсулотлари 1,8 — 1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 1 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлашди. Гўшт нархининг кескин ўсишига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги изоҳ берди.

Вазирлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ўсишига учта омил олиб келганини айтиб ўтди.

Биринчидан, ем-хашак базаси учун хомашё, ҳусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17, 21 ва 27 фоизга ошишига олиб келди.

Иккинчидан, Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортининг қисқариши. Масалан, 2020 йилнинг 8 ойи натижасига кўра, мамлакатга 25 минг бош йирик ва 12,5 мин бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган.

Учинчидан, бу йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши.

Айтиб ўтиш жоизки, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ). Ушбу давр мобайнида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган.

«Гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши нафақат ташқи омиллар, балки ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган дейиш мумкин. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ», — дейилади баёнотда.