Жорий йилда ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга жами 13107 нафар абитуриент ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган эди. Дастлабки текшириш натижаларига кўра, 1828 нафар абитуриентнинг ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси тасдиқланмаганлиги аниқланган.

Қайта текшириш натижаларига кўра, 1828 нафар абитуриентдан 1516 нафари ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эканлиги, 172 нафари сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилганлиги, 85 нафари ҳарбий хизматни ўтамаганлиги ва 55 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги, лекин ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эмаслиги аниқланди.

ДТМ томонидан тавсияномаси тасдиқланган абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари асосида танлов натижалари ҳисобланди. Унга кўра, (рўйхатдан ўтишда танланган 1-олий таълим муассасасида имтиёз доирасида) 1516 нафар абитуриентдан 128 нафари давлат грантига, 478 нафари тўлов-контрактга ўтиш балларига тенг ёки ундан юқори балл тўплаганлиги маълум бўлди.

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилди. Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан мазкур абитуриентларнинг 128 нафари давлат гранти асосида, 478 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилди, деб хабар беради ДТМ.

Ҳозирда талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг қайдномаси олий таълим муассасаларига тақдим этилмоқда.

Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ўз натижаларини шахсий кабинетлари (abitur.dtm.uz) орқали кўришлари мумкин.