14 октябрь куни ОАВда Учтепа туманлараро судининг фуқаровий ишлар бўлими чиқарган қарорга бўйсунмаганлиги учун Тошкент педагогика университети ректорига жавобгарлик белгиланиб, унинг жаримага тортилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унга ноқонуний асосда ишдан бўшатилган кафедра мудирини ишга тиклаш буюрилган эди. Бироз вақт ўтиб ТДПУ ходимлари ректорни ҳимоя қилиб чиқишди. Сўнгра университет талабаларининг вазиятга муносабатларини баён этган мақоласи омма эътиборига ҳавола этилди. Бу масалада ким ҳақ, ким ноҳақлигини вақт кўрсатади.

Тарих шуни кўрсатадики, айнан кичик ва хусусий масалалар жамиятдаги каттароқ, муҳимроқ, кўп учраб турадиган муаммоларни очиб беради. Юқоридаги хусусий вазият ҳам мамлакатдаги муҳим ва қийин бир масалага эътиборни қаратади. Гап таълим тизимининг сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мослаштиришни кафолатловчи меҳнат муносабатларини бошқаришдаги ҳуқуқий масалалар ҳақида бормоқда.

Қонун ижрони талаб қилади — бу аксиома ва у ҳеч қандай муҳокамаларга муҳтож эмас. Акс ҳолда ҳуқуқий тартибсизлик бошланади. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди.

Бироқ қонун ўзгармас тушунча эмас. Қонун ижрони талаб қилади … фақат унга ўзгартириш киритилгунга қадар.

Илгари фойда қилиш мақсадида маҳсулотни бир жойдан харид қилиб, бошқа жойда сотиш билан шуғулланувчилар чайқовчилар ҳисобланиб, Жиноят кодексига биноан жавобгарликка тортиларди. Ҳозир эса бундай шахсларга хусусий тадбиркор деб қаралади. Табиийки, кодексдаги тегишли моддалар олиб ташланган. Шундай даврлар бўлганки, уйда хорижий валюта сақлаш жиноят ҳисобланган. Бугун ҳар бир фуқаро хорижий валютага эгалик қилиши, уйда ёки банк ҳисоб рақамида сақлаши мумкин. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Суд қарорларидаги ўзгаришлар ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, 2019 йилнинг ўзида хўжалик судларида қайта кўриб чиқилган қарорларнинг 2500 (44%) дан ортиғи ё бекор қилингани, ё ўзгартирилганини эслаб ўтиш лозим. Яъни икки ҳолатнинг бирида ҳудудий ва вилоят судлари чиқарган қарорлар юқори суд органлари томонидан ўзгартирилган.

2020 йилда келиб тушган мурожаатларнинг 8000тасида (44%) суд жараёнининг чўзилиши, ишнинг тўлиқ кўриб чиқилмаганлиги ва объектив ёндашилмаганидан шикоят қилинган.

Бундан атиги бир йил олдин Олий суд кенгаши раиси ўз мурожаатида кўрилаётган чораларга қарамай, суд тизимидаги вазият ҳали ҳам оқсаётганини тан олди: юқори суд органлари қуйи органлар чиқарган қарорларга ўзгартириш киритади, фуқаролар юқори суд ва уларга тегишли органлар фаолиятидан шикоят қилишади.

Вақт бир жойда турмайди. Шундай экан, таълим тизимини тубдан ўзгартириш ишларини чўзиб юришдан маъно йўқ. Тез орада бу соҳада ҳал қилувчи муҳим ўзгариш бўлиши лозим.

23 августда бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Ўзбекистон президенти мактаб таълими тизимини ривожлантириш умуммиллий мақсад, умумхалқ ҳаракатига айланиши кераклигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, педагогикага йўналтирилган ОТМлар нуфузли таълим даргоҳларига айланиши лозимлигига урғу берилди.

Педагогларни тайёрлашга нега бунча эътибор берилмоқда?

2030 йилгача Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича 50та энг илғор мамлакатлар сафига кириши кўзда тутилган. Бунга эришишнинг ягона йўли — таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш.

Мамлакатнинг 2019−2021 йилларга мўлжалланган инновацион ривожланиш стратегияси инсон капиталини ривожлантиришни «мамлакатнинг дунё саҳнасидаги рақобатбардошлигини таъминлаш ва уни инновацион юксалтириш учун асосий омил» сифатида белгилайди. Қўйилган мақсадлар ичида 2030 йилга бориб Ўзбекистонни PISA ўқувчиларни баҳолашнинг халқаро дастури рейтингида етакчи 30та давлатлар қаторига киритиш ҳам бор.

Инновацион иқтисодиёт яратишнинг асосий калити инсон капитали бўлиб, уни яратиш таълим тизимининг зиммасидадир. Ўз навбатида, капитал етиштиришнинг калитипедагогика университетлари тайёрлаётган бўлажак педагоглар қўлида. Шу сабабли ҳам ушбу университетларнинг мамлакат олдида турган улкан вазифаларни бажаришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканига шубҳа йўқ.

Бу режаларга эришиш мақсадида ОТМлар раҳбариятини янгилаш ишлари олиб борилмоқда — ўтган асрнинг 80 йилларида уларни «қайта қуришнинг капитанлари» деб атаган бўлардик. Ректор лавозимига бир неча тилларни биладиган, хорижда ўқиб келган, халқаро ташкилотлар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган, мамлакатдаги коррупцион вазиятларга аралашиб қолмаган кишилар таклиф қилинмоқда. Табиийки, ўзгаришларни истамайдиганлар бунга қарши чиқади.

Педагогларни тайёрлаш тизимига янгиликлар киритиш ва шунга йўналтирилган ОТМларнинг салоҳиятини ошириш вазифаси топширилган кишилар уч бошли аждар билан бўладиган жангга тайёр бўлишлари керак.

Биринчи бош. Палак отган порахўрлик

Бизнинг доимий бош оғриғимиз ҳам, нозик нуқтамиз, жон жойимиз ҳам шу. Кўрилган чораларга қарамасдан ҳали-ҳануз ОАВлар мактаб ва ОТМлардаги коррупцияга оид мақолаларга тўла.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Андижон, Навоий, Гулистон, Қорақалпоғистонда проректор, декан, декан ўринбосарлари, ўқитувчилар пора олишда айбланиб, қўлга олинмоқда. Бош прокурор берган маълумотларга кўра, 2018−2019 йиллар оралиғида олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги жами 326 нафар ходим ўқув жараёни билан боғлиқ ноқонуний фаолиятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 220 таси коллеж ва лицейлар, 106 таси ОТМларда фаолият юритган. Қабул жараёнларидаги жиноят учун жавобгарликка тортилган 115 ходимнинг 58 нафари олий, 57 таси ўрта таълим муассасаларида ишлаган.

Бу ҳали денгиздан томчи эканлиги ҳаммага аён. Юқоридаги ҳолатлар фақат қабул жараёнларида кузатилган ҳамда катта миқёсдаги порахўрликлардир, бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан қўлга олинганларнинг аксарияти бироз вақт ўтиб яна ўз лавозимларига қайтади.

Кириш имтиҳонлари вақтида «бункер"лар фаолият кўрсатганини ҳамма билса керак. Бунда ўқитувчилар абитуриентга тушган билетга жавоблар ёзиб, баъзан яширин, баъзан ошкора тарзда ота-онаси «қабулга» пул тўлаб қўйган болага етказиб беришган. Бу жиноий ишларда қатнашганлардан қай бири қўлга олиниб, суд қарорига мувофиқ жазо ўтаяпти?

Яна бир ёппасига тарқалган коррупцион ҳолат сессия жараёни билан боғлиқ бўлиб, талабаларнинг таъкидлашича, унда кўплаб ўқитувчилар иштирок этади. Қарабсизки, талабанинг билим даражаси паст эканига кўз юмиб, унга пул эвазига баҳо қўяётган ўқитувчилар «саводли» битирувчиларни мактабларга юбормоқда. Бу каби янги педагоглар билан келажакнинг инновацион жамиятини қуриб бўлмайди. Улар болаларга нимани ўргатади?

Бу оммавий коррупция — ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар назоратидан чиқиб кетган муаммо. Энг даҳшатлиси шуки, жамият онгига бу ҳолат шунчалик сингиб кетганидан кўпчилик буни жиноят деб қабул қилмайди.

Иккинчи бош. Малака етишмаслиги

Битирувчиларнинг салоҳияти бориб-бориб ўқитувчига тақалади. Агар мамлакат келажаги ҳозирги ва бўлажак ўқувчилар қўлида эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ОТМлардаги муаллимлар масаласи давлат миқёсидаги масалага айланади.

Бўлғуси кадрлар тарбияси кимнинг қўлида эканлигини билиш учун ўртача ўқитувчининг малакавий портрети керак бўлади. Шубҳасиз, мамлакат миқёсидаги барча муаллимлар салоҳияти бир хил эмас. Ўзбекистонда ҳам юқори малакали олимлар элитаси ҳамда мустақиллик йилларида чет мамлакатларда ўқиб келган ёш мутахассислар қатлами ҳам бор.

Бироқ, аксарият ҳолларда, айниқса вилоятлардаги ОТМларда ҳатто ижтимоий фанлар йўналишидаги ўқитувчиларнинг ҳам даражаси жуда паст. Уларнинг аксарияти чет тилларни билмайди. Ахир айнан шу сифат дунё адабиёти ва инсоният жамлаган дунё илмий базасига калит вазифасини бажаради. Чет тилларни, жумладан, рус тилини билмасдан туриб, малакали жамиятшунос, ижтимоий йўналиш мутахассиси бўлишнинг иложи йўқ.

Ижтимоий фан мутахассиси ўтмиш ва замонавий чет эл адабиётларидаги билимларни тушуна олиш даражасида чет тилини билмас экан, демак, у фақат дарсликларга таяниб билим беради.

Уларнинг халқаро журналларда мақолалари йўқ, ўзлари халқаро конференцияларда иштирок этмайди. Аксарияти ўз соҳасини мукаммал билмайди, ҳатто соҳадаги илғор замондошларининг исмларини ҳам билмайди. Шунга мос равишда, уларни ҳам Ўзбекистондан ташқарида (балки университет ташқарисида) ҳеч ким билмайди. Ўқитувчиларда етишмаётган яна бир жиҳат — замонавий педагогик технологиялардан бехабарлик.

Зарурий ислоҳотларни ҳозирги ўқитувчилар таркиби билан амалга оширишнинг иложи борми? Яна бир марта такрорлайман, гап ўртача ўқитувчининг портрети ҳақида кетяпти. Уларнинг ҳозирги малакаси ва ОТМдаги вазифаларини назарда тутадиган бўлсак — йўқ, иложи йўқ.

Бу эса халқ таълими ва олий таълим тизимидаги кадрлар корпусини янгиламасдан туриб юқори малакали битирувчиларни тайёрлаш ва мактабларни тубдан ўзгартириш иложсизлигини англатади.

Учинчи бош. Номукаммал қонунчилик тизими

Бу ҳолда ректорлар нима қилсин? Бир томондан, ОТМ (жумладан, педагогик йўналишдаги ОТМлар) ва мактаблардаги профессор-ўқитувчилар таркибини янгилаш зарур жараёндир. Бироқ агар ходим кўзга кўринарли хато ёки ножўя иш қилмаган бўлса, уни қандай бўшатиш мумкин? Шу ерда Гамлетнинг машҳур ибораси: «тирик қолмоқ ё ўлмоқ?» мос келса керак.

Тасаввур қилинг, ходим меҳнат қоидаларига риоя қилади, кеч қолмайди, маърузалар ўқийди, семинарлар ўтказади, журнални вақтида ва тартибли қилиб тўлдиради, костюм ва галстукда келади, ўтадиган дарсларининг ҳаммасидан маърузаларнинг ёзма нусхасини топширади. Бундан ташқари, 1−2 йилда бир марта университет конференцияларида қатнашади, маҳаллий тўпламларда 3−4 бетли мақоласини чоп эттиради (баъзи-баъзида республика тўпламларига ҳам топширади), ётоқхоналарда навбатчилик қилади (ҳатто санузелларнинг ишга яроқлилигини ҳам текширади), дарсларида қўшимча кўргазмалар (қайсидир талаба томонидан тайёрланган плакатлар)дан фойдаланади, университетдаги ҳамма мажлисларда қатнашади.

Ҳатто замонавий ахборот технологияларидан ҳам фойдаланади: тест ва имтиҳонларни компьютер дастурлари орқали ўтказади (майли, жадвални бирон талаба тўлдириб берган бўлса ҳам). Уни ишдан ҳайдаб бўладими? Бу имконсиз — унинг ҳимоясида мустаҳкам Меҳнат кодекси турибди. У ўқитувчи — намунали ўқитувчининг ёрқин мисоли. Замонамиз қаҳрамони десак ҳам бўлади.

У муаллим маърузаларни матнга тикилиб олиб, том маънода ўқиб бериши ва маъруза давомида талабалар ё ухлаётган, ё смартфонларини титкилаётган бўлиши, семинар пайтлари эса китобдан ўқиб беришлари, барча рефератлар интернетдан кўчириб олиниши, ўзининг ёзган услубий қўлланмалари кафедрадаги токчаларда чанг босиб ётиши, шу ўқитувчининг илм-фан ривожига ҳеч нарса қўшмаётгани (совет ва рус олимларининг мақолалари таржимасини ҳисобга олмасак), уни хорижий ҳамкасбларидан ҳеч ким танимаслиги — булар муҳим эмас, шунчаки ҳаётнинг икир-чикирлари.

Лекин бир муаммо бор. Бундай муаллимлар билан Ўзбекистон 2030 йил у ёқда турсин, ҳали кўп йиллар давомида PISA рейтингидаги илғор 30 мамлакат ичидан жой ололмайди. Зеро, бундай «билим олган» битирувчи-педагоглар таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини рақобатбардош қила олмайди.

Аждаҳони енгиш!

Мактабдаги вазиятни ўзгартириш учун педагогика университетларидаги тизимни тубдан ўзгартириш чораларини кўриш лозим.

Бунинг учун ўқитувчиларни баҳолашнинг янги тартиби, янги малака стандарти ўрнатилиб, ходимлар таркиби шунга кўра ўзгартирилиши жоиз.

Ўз навбатида, бу ўзгаришлар қуйидагиларни тақозо этади:

  1. Ходимларни масалага янгича ёндашув тартиблари билан таништириш;
  2. Ишга қабул қилиш тамойилларини ўзгартириш (очиқлик, шаффофлик, рақобат, халқаро талаблар ва ҳоказо);
  3. Ишлаб турган профессор-ўқитувчиларнинг даражасини ошириш мақсадида нафақа коэффициентини қайта тартибга келтириш;
  4. Чет эллик мутахассисларни жалб қилиш;
  5. Аттестация тизимини янгилаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартибини ўзгартириш.

Ўқув-методика базасини янгилаш ва замонавийлаштириш йўлида ҳам катта ишлар қилиниши лозим. Тил билан боғлиқ қуйидаги муаммолар ҳал қилиниши керак: биринчидан, ўқитувчи ва талабаларнинг хорижий тилларни билиш кўникмаларини ошириш; рус ва бошқа тиллардаги бадиий, илмий-методик адабиётларни ўзбек тилига таржима қилишни йўлга қўйиш. Университетлардаги илмий изланишлар сони ва сифатини ҳам ошириш зарур.

Энг муҳими: совет давридан қолган умрбод ишга ёллаш тизимидан янги самарали меҳнат шартномаси тизимига ўтиш лозим.

Ҳозирги кунда университетнинг қоидаларига расман амал қиладиган ходимни ишдан олиш деярли имконсиз. Ундайлар университетга канадек ёпишиб олиб, уни ўзининг тинч ва одатий масканига, «ботқоғи»га қараб тортаверади. Бунинг ҳам ўз афзалликлари борда: «устоз» ва «домла» табаррук унвони билан чақирилиш, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилидаги иш, одатий ҳаёт тарзи, мамнун талабаларнинг совғалари. Инқилобнинг нима кераги бор?!

Америка, Европа ва Жанубий Корея университетларида орттирган шахсий тажрибам билан бўлишмоқчиман. Уларнинг кўпчилигида умрбод ходим бўлиш қийин. Ёш олимлар (ўқитувчилар) одатда шартнома бўйича (1−2 йил) ёки соатбай ишлашади. Бу вақтинчалик шартномалар зарур бўлганда чўзилади. Киши вақтинчалик шартнома асосида умрбод ишлаб юравериши мумкин, доимий бир лавозим бўлиши шарт эмас.

Ундан юқорироқ унвондаги шартномалар 5 йилга тузилади. Энг юқориси эса сизга умрбод профессор лавозимининг берилиши бўлиб, университет маъмурияти сизни ишдан бўшата олмайди. Бир шартнома туридан иккинчисига ўтиш учун юқори талабларга жавоб бериш лозим (таълим сифати, хориждаги фаолияти, нашриётдаги фаоллиги, катта журналлардаги мақолалари, халқаро конференциялардаги иштироки, университетга грантлар олиб келиш қобилияти, ўқувчиларга бериладиган аноним сўровномалардаги йиллик рейтинги).

Фикрим шундай, агар бизнинг ҳозирги ўқитувчиларимиз қандайдир тасодиф туфайли хориж университетига бориб қолиб, ҳозиргидек ишлайдиган бўлса, 1 йилдан ортиқ қолишмайди (агар 1 семестрдан ортиқ қола олишса). Бу эса кишининг ўз фаолиятига қора доғ тушириши билан тенгдир.

Университетлар таълим муассасасининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олувчи меҳнат кодекси асосида ишлаши лозим.

Ректорларга меҳнат шартномасига тўғри келадиган янгича илмий тизим асосида ходимлар таркибини яратишга эркинлик қўйиб берилиши керак. Меҳнат шартномаси турли хил бўлсин: қисқа, ўрта, узоқ муддатли.

Одатда барча ўқитувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам таълим, ҳам илм-фан, ҳам ижтимоий ҳаётда фаолият олиб боришларига тўғри келади. Бироқ бир ўқитувчининг иккинчисидан фарқи катта. Бири — ажойиб методист, лекин илмий тадқиқот ишларида яхши эмас. Бошқаси — тадқиқотчи, лекин одамови, ўқувчилар билан тил топиша олмайди. Шундай шартномалар тузиш керакки, ўқитувчининг кучли тарафи самарали ишлатилсин.

Университетларда кўрсаткичларга эга рақобатбардошликни ўстирувчи дастурлар бўлиши керак. Уларда муассаса ривожига ҳисса қўшмаётган ходимларни бўшатиш (ёки вақтинчалик шартнома асосида сақлаш, бошқа лавозимга тайинлаш) университет юзини ёруғ қилаётганлар, рақобатбардошлигини ошираётганларни рағбатлантириш учун имконият бўлсин.

Университетларнинг рақобатбардошлигини оширадиган ушбу дастурлар мамлакат миқёсида ўз амалий ифодасини топгандагина таълим тизими ўзгаради. Шундагина инновацион иқтисодиётга қадам қўямиз.

Муаллиф фикри таҳририят қарашларидан фарқ қилиши мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.