Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси «ЙТҲ содир бўлиши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисми» янги йўл белгисини жорий этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганмоқда, дея хабар берди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

«Мазкур йўл белгиси ҳайдовчи ва пиёдаларни йўл-транспорт ҳодисалари эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмига яқинлашиб келаётганлари ҳақида огоҳлантиради», — дейилади хабарда.

ИИББ маълумотига кўра, маълум йўл қисмининг хавфлилиги статистик маълумотлар ва мавжуд шароитларни, жумладан, йўл қопламаси, кўринишни тўсувчи йўл четидаги дарахтлар, бино ва иншоотлар каби омилларни инобатга олган ҳолда баҳоланади.

Йўл-транспорт ҳодисалари рўй бериши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмларига ўтган чорак давомида уч мартадан кўп ЙТҲ рўй берган ҳудудлар киритилади.

«Янги огоҳлантириш белгиси четлари қизил ранг билан чегараланган ва ўртасида қора рангли нуқтаси бўлган оқ рангдаги учбурчак белги кўринишида бўлиши кутилмоқда. Унинг остида тўртбурчак шаклда икки автомобилнинг тўқнашуви ёки автомобиль ва пиёда иштирокида ЙТҲ акс этган расмли изоҳ берилган белги ҳам ўрнатилади», — дея хабар берди бошқарма.

Белги хавфли ҳудуддан 100−150 метр олдин ўрнатилиши режалаштирилмоқда, «натижада йўл ҳаракати қатнашчиларида чора кўришлари учун вақт бўлади. Ҳайдовчи тезликни пасайтириши, ҳаракатларни эҳтиётлик билан амалга ошириши зарур бўлади. Пиёдадан эса йўлни эҳтиёт бўлиб кесиб ўтиши талаб этилади», дейилади хабарда.

«Мазкур чора йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда самарали бўлади деб ўйлайсизми?» — деб сўрамоқда ИИББ. Изоҳларда фикр қолдиришингиз мумкин.