Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмат «Газета.uz»га турли ҳудудларда фирибгарлик жиноятини содир этишга уриниш ҳолатлари тўғрисида маълум қилди.

Урганч туманида 3 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотмоқчи бўлган жамият раҳбари ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Хоразм вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Урганч туманида фаолият юритувчи «М.Қ.» МЧЖ раҳбари Ж.Қ. фуқаро Ш. Д.нинг ишончига кириб, жамиятга узоқ муддатга чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш учун ажратилган ер майдонидан 3 гектарини Урганч тумани ҳокимлиги захирасига қайтариб, унинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 40 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Яккасарой туманида фуқаронинг 74 минг долларини қўлга киритган фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Т.Я. фуқаро С.Э.нинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали «E-ijro» электрон аукцион савдоларидан ҳар хил русумдаги автомашиналарни харид қилиб бериш эвазига 74 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Я.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Имтиёзли ун олиб бериш эвазига фуқароларни чув туширган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро А.А. ва бошқалар тумандаги «Гулистон» ва «Тўрачеки» МФЙ ларда яшовчи фуқароларнинг ишончига кириб, уларга имтиёзли нархларда «Андижондонмаҳсулотлари» АЖдан ун олиб келишни ваъда қилиб, 354 нафар фуқаронинг 49 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Марғилонда фуқарони Ўш давлат университетига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар У.С. ва Б.Ф. олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.З.нинг ишончига кириб, уни Қирғизистон Республикаси Ўш Давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан У.С. ва Б.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.