Журналист Алишер Рўзиохунов 23 октябрь тунида ички ишлар ходими можаро сабаб унга нисбатан куч ишлатганликлари ҳақида маълум қилди.

Унинг ўз Telegram каналидаги мурожаати «Вазир Бобожонов, илтимос истеъфо беринг, негаки сизнинг ходимларингиз фуқароларни ҳақоратлаб, калтаклашда давом этяпти. Сиз тизимни ўзгартира олмаяпсиз», сўзлари билан бошланади.

Журналистнинг хабар беришича, у 23 октябрь тунги вақтда чорраҳадан ўтаётганида йўл ҳаракати ходими бир машинани тўхтатган.

«У йўл ёқасида турган инспектор хизмат машинасига ёнма-ён, йўлнинг иккинчи йўлагига тўхтади. Инспектор эса йўлнинг учинчи йўлагидан ҳайдовчи эшиги томон юриб келаётганди. Мен йўлдаги тирбандлик ва вазиятни кўриб, аранг учинчи ва тўртинчи бўлак орасига тушиб қолдим. Шундай инспекторнинг қўли машинам ўнг ён ойнасига тегиб кетди. Шу жойдан қочмай, инспектор келишини кутдим, унга йўл ўртасига сал эътибор билан чиқишини айтганим билан можаро бошланди», — дейди Алишер Рўзиохунов.

Унинг айтишича, 6дан ортиқ ходим уни ўраб олган. «Инспектор ҳужжатларимни талаб қилди. Бердим. Шу орада қий-чув қилиб, ходимлар „буни расмийлаштир, одам урди“ деб „ақл“ ўргата бошлади. Мен сал шокка тушдим», — дейди у.

«Шу орада шаҳар ИИББда кимни танисам, қўнғироқ қилиб, англашмовчилик билан ишни жиддийлаштираётганини тушунтирдим. Инспектор телефонимни олиб бир четга ўтиб кетди. Гўшакни нариёғидаги одам вазиятни унинг оғзидан эшитаётганди. Шу пайтдан ниқобда, ҳеч қандай таниш белгиси бўлмаган 2 нафар ходимнинг бири дубинка билан қорнимга солди. Ҳеч қандай сабаб йўқ. Айнан шу ходим менсимай, ҳақоратлаб гаплаша бошлади. Буни тушунмадим, аммо вазият кескинлашиб кетмаслиги учун хўп, ака деб тургандим. Шу хўп сўзим ҳам ёқмади шекилли. Дубинка зарбидан икки букилиб ерга ўтирдим…

Инспектор телефонда суҳбатни тугатиб, қайтиб келди ва мен журналист эканимни қолганларга айтди. 10 дақиқадан сўнг, атрофдаги ходимлари тумтарақай бўлди. Инспектор ва зудлик билан шу жойга етиб келган раҳбари мени юпатиб кечирим сўради. Мен қабул қилдим. Аммо гап уларда эмасди. Хуллас, вазир жаноблари, иккиюзламачи, ўзбошимча ва ваколатини суистеъмол қилиб, одам урадиган, ҳақаротлайдиган ходимларингизни ислоҳ қилолмаяпсиз. Буни эплайдиган одамга ўрнингизни бўшатиб беринг", — дея ҳикоя қилади Алишер Рўзиохунов ўз Telegram каналида.

Журналист айби бўлган тақдирда инспектордан ўзини расмийлаштиришни 5 марта сўраганини айтган.

Тошкент шаҳар ИИББ муносабати

Тошкент шаҳар ИИББ Алишер Рўзиохунов билан содир бўлган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда Кун.уз интернет нашри журналисти Алишер Рўзиохунов 22 дан 23 октябрга ўтар кечаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганлиги хақида маълумотлар тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур маълумот ўрганиб чиқилиб, воқеада иштирок этган барча ходимларнинг ҳамда фуқаро А.Рўзиохуновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади баёнотда.

ИИББ фуқаролардан, блогер ва журналистлардан «ўз мавқеини рўкач қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишларига халақит бермасликларини, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб оммага намойиш қилмасликларини» сўраган.

Ушбу ҳолат бўйича Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдиришди.

«Куни кеча журналист Алишер Рўзиохунов билан бўлиб ўтган ҳолатдан биз хавотирдамиз. Журналист ўз саҳифасида ёзган гаплари рост бўлса, уни ҳақиқатда ҳам ички ишлар ходимлари дубинка билан калтаклаган бўлса, биз ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиб, масалага ойдинлик киритилишини, айбдорларга нисбатан жазо чораси қўлланилишини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан сўраймиз. Журналист томонидан қонун бузилган тақдирда ҳам унга нисбатан қўл кўтарилиши мумкин эмас. Ва қонун барча учун баробар бўлиши керак. Ушбу ҳолатни биз диққат билан кузатиб борамиз», — дейди Комил Алламжонов.

«Албатта қонун барча учун баробар бўлиши керак. Ҳоҳ у оддий фуқаро ёки журналист бўлсин, лекин хизмат вазифасидаги ходимлар одамларга қўл кўтаришига қаршимиз. Журналистларни биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қиламиз», — дея муносабат билдирди Саида Мирзиёева.