Хивадаги Ичан-Қалъа давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган 100 та ноёб музей ашёсининг 3D кўринишларини сифатли тарзда рақамлаштириш мақсадида «Interactivt System» компанияси билан ҳамкорликда амалий ишлар якунланди, дея маълум қилди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги кунда ушбу ноёб экспонатларнинг 3D кўринишлари қарийб тайёр ҳолатга келтирилди ва уларни республика музейларининг ягона порталига жойлаштириш учун мослаштириш ишлари якунланмоқда. Тез кунларда музей илмий ходимлари уларни ўзбек, рус, инглиз тилларидаги тавсифини шакллантиришга киришади.

Қайд этилишича, лойиҳа амалга оширилганидан кейин дунёнинг исталган бурчагидан музейга масофадан туриб ташриф буюриш ва экспонатларнинг визуал кўринишлари ҳақида ахборот олиш имкони яратилади.

«Энг замонавий ушбу услуб ҳозирги фан-техника ривожланган замонда хорижий сайёҳлар ва маҳаллий аҳолини айниқса, ёшларни қизиқишини оширади ва виртуал саёҳат қилганлар кейинчалик музейларга бевосита ташриф буюришига замин яратади. Бу эса, ўз навбатида, музейимизнинг жозибадорлигини, тарғибот, ташвиқот ишлари сифатини оширади ҳамда музей маркетингида катта қадам бўлиб, келгусида музей қўриқхона фаолияти, бинобарин, музейга ташриф буюрувчилар сонини кенгайтиришга туризмни ривожлантириш, иқтисодиётни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.