Марказий банк пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022−2023 йилларга мўжалланган асосий йўналишларини тасдиқлади. Бу ҳақда Марказий банк баёнот берди.

«2020 йил мамлакатимиз ва жаҳон иқтисодиёти учун жуда мураккаб йил бўлди. Глобал пандемия таъсирида бошланган инқироз ҳам ички ҳам ташқи иқтисодий шароитларнинг ёмонлашуви ҳамда талаб ва таклиф тебранишларининг бир пайтда содир бўлганлиги билан ўзига хос давр ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

Иқтисодиётга таъсир қилаётган асосий омиллардан қуйидагилар таъкидланган: жаҳон иқтисодиётида ва мамлакат ташқи савдо ҳамкорларида иқтисодий фаолликнинг кескин сусайиши, хомашё нархларининг тушиб кетиши ва молия бозорлардаги беқарорлик фонида иқтисодий пасайиш тенденцияларнинг кузатилиши.

Марказий банк иқтисодиётларга турли даражада тебраниш ва таъсир кўрсаётган коронавирус пандемияси иқтисодий истиқболларни баҳолаш ва макроиқтисодий кўрсаткичларни прогнозлаштиришни маълум жиҳатдан қийинлаштиришини таъкидлади.

Шу сабабдан, макроиқтисодий ривожланиш бўйича 3 хил сценарий ишлаб чиқилди:

  1. Асосий;
  2. Оптимимстик (тезкор иқтисодий тикланиш);
  3. Хатарли (ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига асосланган).

Асосий сценарий

Асосий сценарий бўйича пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакилларини ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган.

Мазкур сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади, 2023 йилда иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасигача тикланади. Ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади.

Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2022 йилда йиғма бюджет дефицити 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий «нисбатан қатъий» шароитлари 2021 йил охирига қадар сақланиб қолинади.

Оптимистик сценарий

Ушбу сценарий пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чораларининг жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцина ва дорилар 2021 йилнинг иккинчи ярмидан кенг татбиқ қилиниши шароитларини ўз ичига олади.

Ушбу сценарийда асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2021 йил иккинчи ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиб боргани сари олтин нархи пасайиб бориши прогноз қилинмоқда.

Оптимистик сценарий бўйича ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўртасида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциалига 2022 йилда етиши кутилмоқда. Асосий сценарийдан фарқи транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатларининг жонланиши.

Йиғма бюджет дефицитининг 2022 йилда 2 фоизгача қисқариб бориши прогноз қилинмоқда. Оптимистик сценарийда белгиланган шартлар рўй берган тақдирда, пул-кредит сиёсатининг амалдаги «нисбатан қатъий» шароитлари сақлаб қолинади.

Хатарли сценарий

Ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайишига асосланган ушбу сценарий жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши ва глобал ёпилиш 2021−2022 йилларда ҳам давом этиши эҳтимолларини кўзда тутади.

Ташқи савдодаги ҳамкорлар иқтисодиётининг секин суръатларда тикланиши, ташқи талаб даражасининг фақатгина 2023 йил иккинчи чорагига келиб инқироздан олдинги даражасига етиши ва хавфсиз актив сифатида олтин нархида ўсувчи динамикани сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Хатарли сценарий бўйича кузалитиши мумкин жараёнлар: ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб фақатгина 2022 йилнинг охирига келиб инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасига 2023 йилдан кейин етиши, йиғма бюджет дефицити 6−7 фоиз атрофида шаклланиши.

Мазкур сценарийда талаб омиллари томонидан инфляцияга босим пасаяди, инфляциянинг прогноз траекториясидан пасайиш томонга оғиши пул-кредит шароитларини «бироз юмшатиш» имкониятини яратади.

«Таъкидлаш жоизки, учала сценарий доирасида ривожланиш тенденциялари ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, 2021−2023 йиллар даврида амалга ошириладиган пул-кредит шароитлари белгиланади ва сценарийларга муносиб келадиган пул-кредит инструментлар тўпламидан фойдаланилади. Бунда, ҳар бир сценарийнинг хусусиятлари, инфляцион характери ва омилларининг шаклланиши нуқтаи назаридан баҳоланади ва шунга мос жавоб чоралар тизими ишлаб чиқилади», — дейилади Марказий банк баёнотида.