2021 йил 1 январдан Ўзбекистон ва хорижий давлатда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларни тиклашда улар давлат божи ва йиғимлардан озод қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар қилинди.

Президентнинг 22 октябрдаги «Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, офатлар юз берганлигини тасдиқлаш, зарурат бўлганда, ҳужжатни тиклаш ваколати бўлган давлат органининг сўровига асосан:

  • Ўзбекистон ҳудудида — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бериладиган маълумотнома асосида;
  • Хорижий давлатлар ҳудудида — хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд халқаро шартномаларга мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида офатлар юз бергани оқибатида ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар, мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахслар (ташкилотлар) мавжуд бўлса, кейинчалик улардан регресс тартибида ундирилади.

Офатлар юз бергани оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз ҳужжатлар йўқотилса ёки яроқсиз ҳолга келса, уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Сардоба фожиаси натижасида жабр кўрган фуқароларнинг йўқолган ҳужжатлари Давлат хизматлари марказлари томонидан экстерриториаллик тамойили асосида қайта расмийлаштириб берилиши хабар қилинган эди.