Автомобиль йўлларини таъмирлашга масъул шахсларнинг эътиборсизлиги оқибатида 2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи давомида 532 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 511 нафар фуқаро жароҳатланган ва 191 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов хабар берди.

Мажлисда таъкидланишича, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари юзаки ишлаб чиқилган. Жумладан, йўл белгиларининг тартиб рақамлари ҳам тўғри белгиланмагани, бу эса йўл ҳаракатининг асосий ва устувор қоидаларидан ҳисобланиши таъкидлаб ўтилди.

«Мазкур стандартлар бошқа давлатларнинг стандартларидан тўғридан-тўғри кўчириб олинган. Оқибатда бошқа давлатларнинг амалдаги йўл ҳаракати қоидаларидаги мавжуд йўл белгилари ушбу стандартларнинг иловаларига ҳам киритилган. Ваҳоланки, мазкур йўл белгилари Ўзбекистон Республикаси Йўл ҳаракати қоидаларида мавжуд эмас», — дейилади парламентнинг юқори палатаси хабарида.

«Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулайликлар яратиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга 2017−2020 йиллар давомида жами 6 709 та тақдимнома киритилган бўлса-да, уларнинг 3 173 таси ёки 45 фоизи белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган», — дея таъкидлади Қутбиддин Бурхонов.

Бу каби камчиликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда, дея таъкидлади сенатор.

Сенат хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қуйидагича қарорлар қабул қилди.

  • Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларни 2021 йил 15 январга қадар такомиллаштириш;
  • Автомобиль йўлларининг носозлиги оқибатида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича бир ой муддатда аниқ
    чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;
  • Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган мутасадди ходимларнинг масъулиятини ошириш юзасидан зарур чораларни кўриш;

Эслатиб ўтамиз, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 4294 йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди, улардан 1293 киши ҳалок бўлди ва 3886 киши жароҳат олди.