19 октябрь куни «Ўзбекистон 24» телеканали Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши тўғрисида бир қатор лавҳалар тақдим этди. Репортажлар президент Шавкат Мирзиёевнинг ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини сақлаш бўйича йиғилишдаги кўрсатмаларидан сўнг кўрилган чора-тадбирларга бағишланди.

Телеканал мухбири Дурбек Раҳмонов жонли эфирда пойтахтнинг Юнусобод туманидаги бозордаги нархлар ҳақида маълумот берди.

«Ушбу савдо мажмуаси Тошкентдаги энг йирик савдо нуқталаридан бири ҳисобланади. Айниқса, шанба ва якшанба кунлари бу ерда одамлар гавжум. Маълумотларга кўра, ҳар дам олиш кунлари бу ерга 25−30 минг киши харид учун келади. Эрта тонгдан бизнинг ижодий гуруҳимиз нархларни ўрганмоқда. Масалан, бу ерда гўшт сотилади, харидорлар кўп. Мол гўшти 55 минг сўмдан сотилаётганини кўришимиз мумкин», — деди у репортажда.

Харидорлардан бири арзонлаштирилган маҳсулотлар сотиладиган ярмарка ташкил қилингани учун миннатдорчилик билдирди ва нархлардан мамнунлигини айтди.

Мухбирнинг таъкидлашича, бундай савдо нуқталарини бозорнинг бир нечта жойларида кўриш мумкин. Шу пайт мижозлардан бири журналистга мурожаат қилиб, гўшт катта суякларлар билан сотилаётганини айтди.

«Нега телевизорга оляпсизлар? Тўғрисини олинглар. Мана бу гўштни ўзини сотмайдию. Қани, менга тортиб берсин-чи. Мана бундай суяк тортиб қўяяпти», — деди у қўли билан кўрсатиб.

Кейин мухбир бир донаси 900 сўм деб ёзиб қўйилган тухумлар сотиладиган нуқта томонга ўтди. Самарқанд вилоятидаги паррандачилик фермасининг савдо бўлими бошлиғи Ғайрат Йўлдошев «Ўзбекистон 24»га берган интервьюсида ўтган йиғилишда президент қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда сотишни буюрганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, пойтахтдаги 12 та туман бозорларида тухум 900 сўмдан сотилмоқда.

Аввалроқ «Газета.uz» юқоридаги йиғилишдан сўнг Тошкентдаги аксарият дўконлар ва бозорлар расталарида қиммат гўштнинг йўқлиги ҳақида хабар берган эди. Фақат 60 минг сўмгача бўлган нархдаги гўштлар сотилган эди, сотувчилар эса гўштга кўпроқ суяк ва ёғ қўшган ҳолда сотар эди. Бир неча кундан кейин расталарда қиммат гўштлар яна пайдо бўлди.