Инсоният дуч келган пандемия режаларимизни бузиб юборди, иқтисодиётга қақшатқич зарба берди, халқаро алоқаларни музлатиб, халқларни ўз ҳудудларидаги уйларига қамаб қўйди.

Яқин ойларда пандемия тугашини кутишга ҳатто умид ҳам йўқ. Вирус тобора авжига чиқмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 21 октябрь ҳолатига дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 40,5 миллиондан ошиб, улардан 1,12 миллиондан ортиғи вафот этди. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш бу рақамнинг ҳайратомуз ва даҳшатли эканини баён этди.

Албатта, ҳар бир мамлакат ўз кучи ва имкониятларидан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш сиёсатини олиб бормоқда. Бу борада касалланган ва вафот этганлар бўйича паст кўрсаткичларга эга бўлган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш муҳимдир.

Ваҳимасиз карантин. Бошланиши

Пандемия эълон қилинган биринчи кунданоқ Ўзбекистонда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича зудлик билан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Бу коронавирус туфайли ўлимлар сони ортишининг олдини олиш имконини берди.

Лекин вирус ҳеч қаерга кетгани йўқ, худди бутун дунёдаги каби. Карантин режимининг юмшайтирилиши эса касалликлар ва ўлимлар сонининг кўпайишига олиб келди. Агар жорий йил май ойида Ўзбекистонда кунига ўртача 51 та вирус юқтириш ҳолати қайд этилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич аллақачон 163 тага кўтарилди.


Гарчи Ўзбекистон пандемия бошланганда эпидемиянинг кенг авж олиши ва назоратсиз кўпайишидан сақланиб қолган бўлса-да, ҳозирги вазият шундан далолат бермоқдаки, хотиржам бўлиш керак эмас. Айни вақтда карантин чораларининг юмшатилиши, ниқоб тақиш режимига риоя қилмаслик (бу айниқса, ҳудудларда сезилмоқда), вирус юқишини тезлаштирадиган куз-қиш мавсуми беморлар сонининг ошишига туртки беради. Маълумки, бир вақтнинг ўзида қанча кам одам касал бўлса, ҳар қандай эпидемияга қарши курашиш шунча осон бўлади.

Вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилса, нима бўлиши мумкин? Жавоб аниқ: кўринмас ёвга қарши курашни қатъият билан давом эттириш керак, акс ҳолда йўқотишлар кўлами ортади ва муаммо ҳам катта бўлади. Савол: қандай курашиш ва у самарали бўлиши учун нима қилиш керак?

Бутун дунёнинг биргаликда курашиши

Пандемия касаллик тарқалишига жаҳон ҳамжамиятининг тайёргарлиги, афсуски, етарли эмаслигини кўрсатиб берди. Агар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кучайтирилмаса, вазият назоратдан чиқиб кетиши ва анча жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус 18 сентябрь куни матбуот учун брифингда нутқ сўзлаб, қатъий сиёсий ирода ва етарлича молиявий ресурслар бизга бугун пандемиянинг олдини олиш ва кейинчалик юмшатиш имконини беришини таъкидлади. Бу хайрия тадбири эмас, бу бизнинг умумий келажагимиз учун инвестициялардир. Мамлакатлар учун кескин ўзгариш даври етиб келди ва жаҳон раҳбарлари инфекция тарқалишини жиловлашга ва соғлиқни сақлаш тизими ҳамда тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишга кўмаклашадиган синалган аниқ мақсадли чоралар кўриши зарур.

Коронавирусга қарши курашда ижобий натижа кўрсатаётган Таиландни мисол қилиб келтириш мумкин. Шу йилнинг 13 январь куни Таиланд касалликни Хитойдан ташқарида аниқлаган биринчи мамлакат бўлди. ОЎРС (оғир ўткир респиратор синдроми) ва H5N1 (парранда гриппи) инфекциясига қарши курашиш тажрибаси ва ижтимоий соғлиқни сақлаш ҳамда эпидемик назоратнинг ишончли тизими Таиландда «мушакли хотира»ни ривожлантириш имконини берди, бу эса COVID-19 пандемиясига қарши тезликда чоралар кўришга замин яратди.

Давлат органларининг қатъий комплекс саъй-ҳаракатлари ва жамоатчилик қўллаб-қувватлови ҳамда миллионлаб жамоат тиббий-санитария ходимлари (мамлакат аҳолиси 69 миллиондан ортиқ) борлиги касаллик юқтирган шахсларни ва улар билан алоқада бўлган шахсларни аниқлашнинг самарали тизимини тезликда ривожлантиришга кўмаклашди. Бу мамлакатга инфекция юқтириш занжирини узишга ёрдам берган фуқаролар кўмагида вирус тарқалишини тўхтатиш имконини берди. ЖССТ Таиланднинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Маълумотни яширмаслик керак

Германия тажрибаси яхши намун бўла олади. У ерда эпидемиологик вазият билан боғлиқ сиёсий қарорлар Роберт Кох институтининг ишончли маълумотларига асосланади. Мазкур институт Германиянинг юқумли ва бактериал-вирусли касалликларни ўрганиш бўйича етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан биридир.

Ўзбекистон учун ҳам эпидемияни жиловлаш бўйича ишларни қатъий илмий асосда олиб бориш, мамлакатдаги эпидемия кўламини баҳолаш, шунингдек, қарорлар қабул қилишда фақат ишончли манбалардан фойдаланиш ўта муҳимдир. Маълумотларни яшириш ёки ҳақиқатга тўғри келмаслиги эпидемиологик вазиятни тўғри баҳолаш имконини бермайди, натижада зарур чора-тадбирлар кўрилмайди, бу эса охир-оқибат коронавирус қурбонлари кўпайишига олиб келиши мумкин.

Ишончли тарзда тўпланган маълумотлар ҳар куни ҳудудий ва миллий даражада умумлаштирилиши ҳамда таҳлил қилиб борилиши керак. Маълумотлар беморларнинг ёши, жинсий мансублиги, тест тури ва касалликнинг оғирлиги бўйича ажратилиши лозим. Доимий таҳлил ҳисоботлари ҳукумат веб-сайтида эркин жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ.

Ваҳоланки, бир нечта давлатнинг кўплаб маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари кузатув маълумотларини тақдим этиш учун аллақачон онлайн бошқарув панелларини ишлаб чиқди. Уларнинг асосий мақсади инфекция тарқалишини чеклаш, соғлиқни сақлаш идораларига CОVID-19 юқиш хавфини бошқариш ва шу билан иқтисодий-ижтимоий фаолиятни максимал даражада тиклаш имкониятини беришдир. Эҳтимол, бизда ҳам эпидемиологик назорат тизимига янги рақамли технологияларни жорий этиш вақти келгандир.

Тест ва яна бир марта тест

Эпидемияни жиловлаш бўйича бошқа мамлакатларнинг тажрибасидан ибрат олиш мумкин. Хусусан, пандемия билан курашиш бўйича Германия беморлар орасида ўлим даражасининг пастлиги билан бугун Европадаги қўшниларига қараганда пешқадам. Бунда унга кенг дастурдаги тест тизими, қатъий карантин ва соғлиқни сақлашнинг ишончли тизими ёрдам бермоқда.

Германияда ҳафтасига 120−200 минг кишидан тест олинади, бу эса, касалликни эрта аниқлаш имконини беради. Мамлакатда вирус юқтирганлар сони кунига 50 кишига, ҳатто баъзи минтақаларда ҳар 100 минг аҳолига 30−35 кишига кўпайиши нохуш ҳолат ҳисобланади. Ҳозирги кунда инфекция аниқланганлар сони кунига 100 минг аҳолига 3,1 кишини ташкил қилади.

Бундан ташқари, бу мамлакатда бошқа лабораторияларга тестларни ўтказишни тақиқлайдиган тезкор бўлмаган диагностика тизимига эга марказлаштирилган давлат лабораторияси мавжуд эмас. Тиббиёт соҳаси — бу очиқ бозор. Давлат ва хусусий тиббий хизматни бирлаштирган ривожланган тизим пандемия билан курашишда ниҳоятда қўл келмоқда. Германия бир кишининг соғлиғини сақлаш мақсадларига ҳар йили 4 714 доллар сарфлайди. Бу бошқа давлатларга қараганда кўп. Бундан ташқари, Германияда ихтисослашган шифокорлар ва тиббий муассасалар, шунингдек етарли миқдордаги ётоқ жойлар мавжуд. Буларнинг барчаси, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, оғир аҳволдаги беморларнинг омон қолишига салмоқли ҳисса қўшади.


Фуқароларнинг чеклов чораларига муносабатини тушунган ҳолда ҳукумат олиб борган фаол ҳаракатлар Жанубий Кореяга коронавируснинг иккинчи тўлқини жадаллигини пасайтиришда ёрдам берди. Эпидемияга қарши кураш стратегияси «синовдан ўтказиш, кузатиб бориш, олдини олиш» тамойилига асосланди.

Тест олиш жараёнлари қандай ўтди? Ҳукумат тезкор, қулай ва оммавий тестлар ўтказди. Энг бошиданоқ кунлик тестлар сони 12−20 минг оралиғида ўзгариб турди. Бундай ҳажмлар инфекция ўчоқларини тезда аниқлаш ва локализация қилишга имкон берди. Бундай дастурни амалга ошириш учун бутун мамлакат бўйлаб бепул мобиль марказлар тармоғи яратилди. Улар пиёда юриш (walk-thru) ва транспорт ҳайдаш (drive-thru) тизимларида ишлади.

10 миллион аҳолиси бўлган Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) июль ойидаёқ аллақачон 4,5 миллиондан ортиқ тестларни ўтказган, бу ўша пайтда АҚШнинг шундай кўрсаткичидан 3 баравар юқори эди. Дарвоқе, бу миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган давлатлар орасида энг юқори тест даражаси бўлди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати синовлардан ўтишни жуда осонлаштирди ва ушбу чоралар кўп жиҳатдан вирус тарқалишининг олдини олишга ёрдам берди. Шубҳасиз, оммавий тест инфекциянинг тарқалиши ва сақланишида муҳим омил ҳисобланади.

Ҳозирги кунда коронавирусни аниқлаш бўйича Ўзбекистонда 43 та давлат лабораторияси, уларда 92 та коронавирус инфекциясини аниқлаш усукуналари мавжуд.

Нега аҳолини кенг қамровли тестдан ўтказиш жуда муҳим? Бу инфекциянинг тарқалиш даражаси ва йўналишини аниқлаш имконини беради. Тасдиқланган ҳолатлар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотни талқин қилиш учун аслида қанча CОVID-19 тестини ўтказиш лозимлигини давлат билиши керак. Тест вирус юқтирганларни яккалаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг кимлар билан алоқада бўлишини кузатиб боришга имкон беради. Бундан ташқари, ишончли статистика тиббий ресурслар ва ходимларни тўғри ва самарали тақсимлашга ёрдам беради. Оммавий тестларнинг яна бир ижобий томони — бу ўзини ўзи изоляция қилиш режимининг амалга оширилишини ва иш жойлари, жамоат жойлари, умуман, жамиятда карантин чораларига риоя қилиш даражасини баҳолаб бориш ва керакли хулосаларни чиқаришда муҳим ўрин тутишидир.

Бугунги кунга келиб коронавирус дунёнинг 213 мамлакати ва ҳудудига ўз салбий таъсирини ўтказди. Аммо улардан фақат 104 тасидагина CОVID-19 тестлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд, холос. Афсуски, Халқаро маълумотлар базасида жорий йилнинг 14 июнь кунидан кейин Ўзбекистон ҳақида маълумот учрамади. Веб-сайт маълумотларига кўра, Люксембург (12.49), Баҳрайн (5.83), БАА (4.56), Исроил (3.12), Дания (2.25) аҳолининг ҳар мингта қисмига тўғри келадиган тестлар сони бўйича етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Ўтказилган тестлар сонини билиш, ҳақиқий вазиятни, унинг динамикаси ва прогнозларини баҳолаш учун ҳам ўта зарурдир, бу етарли даражадаги чора-тадбирлар тизимини шакллантириш имконини беради.

Нима учун референс — лабораториялари керак?

Пандемия мамлакатдаги лабораторияларни компьютерлаштириш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ва лаборатория дастурий таъминотини жорий қилиш каби муаммоларни юзага чиқарди.

Бугунги кунда лаборатория таҳлили соҳасида янги самарали технологияларни жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Ҳозирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) ва бошқа халқаро институтлар кўмагида соғлиқни сақлаш тизимидаги лабораторияларни жиҳозлаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича иш олиб бормоқда.

Вазифаси бошқа лабораторияларнинг тадқиқотлари сифатини ва аниқлигини баҳолашдан иборат бўлган референс — лабораторияларини яратиш ишнинг барча босқичларида юқори сифат назорати ўрнатиш учун ҳам ниҳоятда зарур ҳисобланади. Ва бугунги кунда бу ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.

Биз янги синовларга тайёрмизми?

Пандемия шуни кўрсатдики, соғлиқни сақлаш тизимларининг ҳаддан ташқари зўриқиши бой давлатларга ҳам, камбағал давлатларга ҳам бирдек таҳдид солмоқда. Жиддий эпидемиологик вазият жиддий иқтисодий таназзул билан бирга Ўзбекистон аҳолисининг соғлиғиига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 25 июлда имзоланган «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони юқумли касалликларга қарши курашиш ишларини такомиллаштириш ва санитария-эпидемиология хизматини яна кучайтиришга қаратилган. Мазкур ҳужжат санитария-эпидемиология хизматлари ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, диагностикаси ва даволаш бўйича ўзаро таъсир механизмларини белгилаб берди.

Жумладан, коронавируснинг олдини олиш бўйича ҳар бир оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳлар ташкил этилди.


Фармон билан ягона тизим — Санитария-эпидемиология хизмати, унинг вилоят бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди. Юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш учун шароит яратиш ва соҳада илмий ишланмаларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Қонунни янги таҳрирда ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланди.

Ҳукуматга масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига қарши ҳаракатларнинг батафсил алгоритми ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш топширилди. Шундай қилиб, янги ташкил этилган Санитария-эпидемиология хизмати ҳар қандай эпидемиядан ҳимоя қилишнинг ишончли таянчига айланиши ва унинг фаолияти, аввало, қатъий эпидемиологик кузатувга асосланган бўлиши керак.

Инфекция тарқалиш йўлларини узиш ва биргаликда ҳаракат қилиш

Барча кўрилаётган чораларга қарамай, мамлакатда эпидемиологик вазият анча жиддийлигича қолмоқда. Ҳар куни 300 га яқин фаол юқтириш ҳолатлари мавжуд, уларнинг аксарияти аҳоли орасида. Хўш, нима қилиш керак? Вирусдан йўқотишлар ва оқибатлар минимал бўлиши учун рационал озуқани қандай топиш мумкин?

Муаммонинг ечими унинг сиртида ётади — вирус юқтирганларни, шунингдек, юқтирганлар билан алоқада бўлганларни ажратиш учун юқтириш йўлини тўғри топиш ва ўз вақтида тўсиш керак. Эпидемиянинг олдини олиш учун бошқаларнинг соғлиғига бевосита таҳдид соладиган коронавирус ташувчиларни аниқлаш ўта муҳимдир. Инфекция юқтириш йўлини узиш учун бундай ташувчиларнинг бошқалар билан алоқаларини мунтазам кузатиб бориш лозим.

Кузатиш инфекциянинг одамдан одамга юқиш занжирларини узиш имконини беради. Бу вирус юқтирган одам билан мулоқотда бўлган барча шахсларни аниқлаш ва кейинчалик мунтазам назорат қилиб боришни ўз ичига олади. Вирус юққан одам билан алоқада бўлган шахсларни ўша кундан бошлаб 14 кун ичида ҳар куни кузатиб бориш, юқтириш ва касаллик хавфи юқори бўлганларни аниқлаш ва уларни бошқа одамларга юқтиргунига қадар карантинга олиш лозим.

Энг тезкор ҳисоботлар, алоқада бўлганларни кузатиш самарадорлигини таъминлаш, тезкор бошқариш ва маълумотларни таҳлил қилиш учун рақамли технологиялардан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Тўғри йўналтирилган ва масъулиятли кузатув инфекция йўлини тўсади ва унинг ҳеч бўлмаганда тезда тарқалишининг олдини олади. Бундай қилмасак, биз соғлиқни сақлаш тизимини ҳаддан ташқари зўриқтириб қўямиз ва сурункали касалликларга чалинган беморлар ўз вақтида тиббий ёрдамдан маҳрум бўлишлари мумкин. Шунинг учун инфекция даражасини пасайтириш, ўсиш эгри чизиғини текислаш ўта муҳимдир, бу соғлиқни сақлаш тизимига CОVID-19га қарши курашиш учун янги воситаларни топиш имконини беради.

Бу саъй-ҳаракатларда мамлакатнинг барча аҳолиси фаол иштирок этиши керак. Одамлар касаллик қайталанишининг олдини олишда ҳар кимнинг ўз ўрни борлигини англаб етишлари зарур. Асосийси — принципга риоя қилиш: ўзингиз юқтирманг ва бошқаларга ҳам юқтириб қўйманг; ўзингизни ҳимоя қилсангиз, сиз пандемияни жиловлайсиз!


Одамлар самарали эпидемиологик назоратга беқиёс ҳисса қўшишлари мумкин. Бунинг учун улар янги вируснинг барча жабҳаларини, айниқса, унинг тарқалиши, юқиши ва олдини олиш борасидаги ҳолатларни яхши тушунишлари керак. Нима бўлганда ҳам, фуқаролар касалликнинг дастлабки белгилари ёки аломатлари тўғрисида лаборатория текширувисиз ёки шифокорнинг кўригисиз ўзлари мустақил равишда хабар беришлари даражасига эришишимиз керак.

Ёшлар: улғайиш вақти

Ёш авлод бундан бефарқ қолмаслиги керак, зеро мамлакатнинг эртанги куни уларга боғлиқ.

Ёшлар нима қилишлари мумкин? Маҳаллий жамоатчилик даражасида тушунтириш ишларини олиб боришлари, волонтёрлик билан шуғулланишлари ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига яқиндан ёрдам беришлари мумкин. Бу вирус юқтирган тақдирда оғир касалликларга кўпроқ мойил бўлган кекса авлод вакиллари олдидаги катта масъулиятдир. Тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун эпидемиологик назорат бўйича кузатув ишларида иштирок этиш энг мақбул йўл. Эҳтимол, бу фаол ёшлар ҳаракатини малакали ташкил этиш мумкин бўлган фаолиятнинг тўлиқ рўйхати эмасдир.

Шу билан бирга, ёшлар учун «ниқоб» маданиятини кузатишда бепарво бўлмаслик муҳим жиҳатдир. Улар бошқалар каби бир хил чораларни кўришлари керак.

Тезкорлик, мониторинг ва тизимли ёндашув

Биз кенг миқёсдаги карантин чекловларидан босқичма-босқич воз кечиш, оғир ҳолатларни ташхислашдан барча ҳолатларни аниқлаш ва изоляциялашга ўтиш, унинг доирасида профилактика чораларини доимий равишда амалга ошириб бориш «янги меъёр» эканини англаб ета бошладик.

Шунинг учун шубҳали ҳолатларни тезкор аниқлаш, яккалаш, тест синовларини ўтказиш ва бошқаришни таъминлаш жуда муҳимдир. Бу ўринда аҳолининг заиф қатламлари орасида вирус тарқалишини ўз ичига олган касаллик эпидемиясини аниқлаш ва назорат қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, узоқ муддатли эпидемиологик анъаналарни мониторинг қилиб бориш лозим. Тезкорлик ва мониторинг, яна тезкорлик — бу коронавирусга қарши курашда янги ёндашувнинг асослари.

Бунинг учун соғлиқни сақлаш тизими етарли даражада инсон ресурсларига эга бўлиши керак. Мамлакат CОVID-19 пандемияси муаммосига биринчи марта дуч келаётганини идрок этиш муҳимдир.

Бинобарин, пандемия ўз позициясини бой бермаяпти, бу уни жиловлаш ва ўсишини тўхтатиш учун бугун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Бу, авваламбор, CОVID-19нинг ҳаётийлигини ва тарқалишини тушунишда, ўрганилаётган ҳодисанинг асосий омилларини аниқлашга қаратилган мунтазам ёндашув.

Агар биз ушбу асосий омилларни тушунмасак, нохуш ҳолатлар сони кескин ўсиши мумкин. Вирус тарқалишига таъсир қилувчи асосий омилларни аниқлаш, маълумотларни мунтазам таҳлил қилиш, ресурсларни қайта тақсимлаш, инфекцияни муваффақиятли назорат қилиш тажрибасини ўрганиш, тиббиёт ходимларини доимий ўқитиш — буларнинг барчаси нохуш ҳолатларнинг ўсиш эгри чизиғини биргаликда бостиришга ва кейинчалик инфекциялар тарқалишини тўхтатишга ёрдам беради.


Ва бу ерда машҳур принцип биринчи ўринда туради — касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осонроқ. Пандемия у ёқда турсин, ҳар қандай эпидемияда энг хавфли омил, бу касалликнинг ўзи эмас, балки унинг кенг тарқалишидир. Эртами-кечми, вакциналар яратилади, аммо унга қадар касаллик тарқалиш зоналарини локализация қилиш ва тарқалиш занжирларини тўхтатиш жуда муҳимдир. Бу нафақат пандемия, балки ушбу касалликнинг глобал тарқалишига қарши кураш калитидир.

Эпидемик вазиятни назорат қилиш стратегиясига аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш зарур. Ҳукумат ва халқ ўртасидаги бундай ўзаро муносабатлар муаммони самарали ҳал этиш учун хизмат қилади ва мамлакатда эпидемиологик вазиятни назорат қилиш учун энг тўғри чоралар кўришга имкон беради. Дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган, одамларнинг ёстиғини қуритаётган ва курраи замин аҳолисини қўрқувда ушлаб турган янги вирусни мана шу тарзда енгишимиз мумкин, деб ўйлайман.