21 октябрь куни давлат раҳбари раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур йиғилишда президент ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада янги фармон қабул қилганини таъкидлаганди.

«Бугун экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қуватлашни кенгайтириш бўйича фармонни имзоладим. Энди бундай корхоналар учун янги ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағлар ажратилади. Шу мақсадда жамғармага 100 миллион доллар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларни ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш учун корхоналарнинг айланма маблағларига йўналтирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ахборот агентлигида давлат раҳбарининг «Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 январга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси экспорт қилувчиларга:

Экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъи назар:

  • миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда;
  • чет эл валютасидаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар тақдим этади.

Бундан ташқари, тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради.

Ижобий кредит тарихига эга бўлса, аввал олган кредитлари бўйича қарздорлиги бўлишидан қатъи назар, экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун қўшимча олинадиган кредитлари бўйича юқорида белгиланган миқдорлар ва шартларда компенсация ва (ёки) кафилликлар тақдим этади

Тақдим этиладиган кафилликлар бўйича комиссия тўловларини 2 бараварга камайтирилган миқдорда ундиради.

Ҳужжат билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига қатор қўшимча вазифалар юклатилмоқда.

Унга кўра, Агентлик тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар ажратади.

Шу билан бирга, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва молия компанияларидан экспортолди молиялаштириш учун маблағлар жалб этиш ишларини ташкиллаштиради.

Агентликка юкланаётган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун унинг ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Жамғармага Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан 100 млн АҚШ доллари, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларидан қарзлар жалб қилинади.

Агентлик тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда бир йилгача молиявий ресурс ажратади.

Агентлик томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан берилган кредитни тўлиқ сўндирмаган экспорт қилувчи учун бундай молиявий ресурслар ажратишга йўл қўйилмайди.

Тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари Агентлик томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан молиялаштирилганда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсациялар тақдим этилмайди.