БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНEП), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқалар иштирокида ҳаво сифати, унинг мониторинги ҳамда ҳолатига оид маълумотлар очиқ-ошкоралиги масалалари муҳокама қилинди.

«Замин» фонди хабарига кўра, тадбирда «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам иштирок этиб, ушбу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Зироат Мирзиёева. Фото: «Замин» фонди.

Маълум қилинишича, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келаяпти. Оқибатда, онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликлари йилдан йилга ортиб бормоқда. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун, аввало ҳавонинг сифат мониторингини ўтказиш зарур. Натижада ҳаво ифлосланиши ва уни инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш чораларини кўриш мумкин.

«Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди. Бу барчамизга таъсир қилади ва биз ушбу муаммони ҳал қилиш учун кучларни — ҳукуматлар, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, бизнес ва саноат соҳасини бирлаштиришимиз керак. Ҳар бир инсон тоза ҳаводан нафас олишга ҳақлидир. Ҳозир, глобал соғлиқни сақлаш инқирозига дуч келган пайтимизда, бу айниқса муҳим», — дея таъкидлади БМТ Атроф-муҳит дастурининг Европа минтақавий бюроси директори Бруно Поззи.

Фото: «Замин» фонди.

«Замин» фонди ҳамда ЮНEП кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан «Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш» лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ҳозирда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилган. Мониторинг натижалари эса monitoring.meteo.uz очиқ онлайн платформаси ва АирУз мобил иловасида эълон қилиб борилади.

Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.

Ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда аниқлаб турилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади.