Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун муҳокама қилинди.

«Бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учрамоқда. Шу сабабли жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда», — дейилади Сенат баёнотида.

Янги тартибга кўра, жиноят фуқаро томонидан совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатган ҳолда содир этилган бўлса, Жиноят Кодексининг 104 моддаси яъни қасддан баданга оғир шикаст етказиш ёки 105 моддаси қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан жиноий жавобгарликга тортилади.

Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатган ҳолда қасддан баданга оғир шикаст етказган шаҳс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказган ҳолатда уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 1852 ва 1853-моддалар қўшилмоқда.

Хусусан,1852-модданинг биринчи қисмида фуқаролар томонидан жамоат жойларида, касбий фаолиятда, ёки спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, 1853-модда билан мамлакат ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши тақиқланмоқда.

Шунингдек, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, шу жумладан, шаҳар транспортида, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда, жамоат жойларида, очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юришни тақиқловчи норма киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан мазкур Қонун маъқулланди. Маъқулланган қонун президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.