Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон фуқароларини табриклади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев ўз табригида ер юзида ўзбек тилида сўзлашадиганлар 50 миллиондан ошиқ экани, 65та хорижий ОТМда тилимиз ўрганилиши ҳақида айтиб ўтиб, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш вазифасини бажариш лозимлигини қайд этди.

«Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз», — дейилади давлат раҳбари табригида.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев, куни кеча Афғонистон Ислом Республикасида Ўзбек тили кунига бағишланган байрам тадбирлари биринчи марта давлат миқёсида нишонланганлигини мамнуният билан тилга олди ва қардош Афғонистон давлати раҳбариятига ўзбек тилига расмий тил мақомини бериб, унга кўрсатаётган юксак эътибор ва ҳурмати учун миннатдорлик билдирди.

Президентнинг таъкидлашича, айни вақтда мамлакатда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилиб, турли ҳудудларда 140 га яқин миллий маданият марказлари ташкил этилган. Шунингдек, кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатаётганлиги, хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларда олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бораётганлиги айтилди.

«Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборлидир», — таъкидлади давлат раҳбари.

Шунингдек, президент байрам арафасида қабул қилинган «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарор ҳам ўзбек тили ва адабиётини янада равнақ топтиришга қаратилганлигини айтиб ўтди.

Маълумот учун Шавкат Мирзиёев байрам арафасида Ўзбек тилини янада ривожлантиришга оид фармонни имзолади ва бу билан 2020−2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишларини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 24 март куни бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун маъқулланган эди.