Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, собиқ меҳнат вазири ўринбосари, туризм соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган мутахассис, профессор Рустам Хамидович Шодиев ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Рустам Шодиев 1938 йил 15 майда туғилган. 1955 йилда Москва давлат иқтисодиёт институтига ўқишга кирган.

У ўз меҳнат фаолиятини 1960 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси иқтисодиёт институтида лаборантликдан бошлади ва 26 йил давомида кичик илмий ходимдан то илмий ишлар буйича директор ўринбосари лавозимигача бўлган поғоналарни босиб ўтди.

1967 йилда Москвада — номзодлик, 1981 йилда эса докторлик диссертациясини ёқлаган. 1983 йилда профессор унвонини олди.

1980−1984 йилларда БМТ «Сурия Араб Республикасида меҳнатни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш» номли лойиҳасига раҳбарлик қилди. Сафардан қайтгач, меҳнат вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлади. Банк-молия академияси илмий марказига раҳбарлик қилди.

1997 йилдан 2005 йилгача — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида «Жаҳон иқтисодиёти» кафедраси мудири, 2005−2019 йилларда эса Тошкент давлат иқтисодиет унверситетининг «Халқаро туризм» кафедраси профессори лавозимида фаолият юритган.

У ўзбек тилида илк бор 2005 йилда чоп этилган «Жаҳон иқтисодиёти» фани дарслигининг муаллифидир. 1988 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» унвонига сазовор бўлган, «Ўзбекистон Милий Энциклопедияси»га, шунингдек, Халқаро биографик марказининг (Англия) «ХХ асрнинг 2000 нафар атоқли интеллектуаллари» китобига киритилган.

Рустам Шодиев ЎзФА Кибернетика институтида ва Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги илмий текшириш институтутида катта илмий ходим лавозимида ишлаган.