Вазирлар Маҳкамасининг 20 октябрдаги қарори Ёнғин хавфсизлиги қоидалари тасдиқланди, дея хабар қилди Адлия авзирлиги «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали.

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари (Қоидалар) 7 бўлим, 41 боб ва 846 банддан иборат бўлиб, сентябрь ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди.

Унга кўра, мазкур қоидалар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, уларнинг ходимлари, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Қоидаларга мувофиқ, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик, йирик ижтимоий-маданий объектларда ёнғин-техник комиссияси тузилиши ҳамда объектнинг ёнғин хавфсизлиги паспорти ишлаб чиқилиши керак.

Бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши оралиқларида турли буюмлар, асбоб-ускуналар, қадоқларни ва транспорт воситаларини сақлаш ҳамда бино иншоотларни қуриш (ўрнатиш) тақиқланади.

1000 нафар ва ундан ортиқ одам сиғимига эга бўлган муассасаларда энг яқин ёнғин-қутқарув бўлинмаси билан тўғридан-тўғри телефон алоқаси ўрнатилиши керак.

Ушбу қоидалар қуйидагиларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгиламайди:

  • ўрмон хўжалиги ҳудудларида;
  • кон қазилма ва шахта иншоотларида;
  • портловчи материаллар ишлаб чиқарилаётганда, ташилаётганда, сақланаётганда, улардан фойдаланилаётганда ва улар утилизация қилинаётганда;
  • саноат учун мўлжалланган портловчи материаллардан фойдаланилган ҳолда портлатиш ишларини олиб борувчи ташкилотларда;
  • ҳаво, сув, темир йўл, автомобиль транспорти ҳамда электр транспортида.

Маълумот учун, президентнинг тегишли фармонига асосан, 59 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклига ўтказиш белгиланган бўлиб, мазкур қоидалар шу ҳужжатлардан бири ҳисобланади, дейилади хабарда.