Ўзбекистондаги 31 тижорат банклари учун фаоллик индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан учинчи чоракда янгиланди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон банк тизимида 32 тижорат банки фаолият олиб бормоқда. Улардан 13 таси устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлса, 19 таси хусусий банк ёки чет эл капитали иштирокидаги банк ҳисобланади. Август ойининг охирида Марказий банк Anor Bank АЖни биринчи рақамли банк сифатида рўйхатдан ўтказди.

Банклар уч гуруҳга ажратилган:

  • Давлат улуши мавжуд йирик банклар;
  • Рақобатбардош банклар;
  • Марказлашган банклар;

Молиявий воситачилик

Тижорат банкларининг жамғармаларини банк тизимига жалб қилиш ҳамда ушбу жамғармаларни молиявий ва иқтисодий нуқтаи назардан энг самарали лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириш салоҳияти банкларнинг молиявий воситачи сифатида фаоллигини белгилаб беради.

Давлат улуши мавжуд 10 та йирик банкда бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг жами мажбуриятларидаги улуши ўртача 58 фоизни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларда 22 фоизга етади.

Шунингдек, давлат улуши мавжуд 10 та йирик банкларнинг мажбуриятлари таркибида ҳукуматдан олинган маблағлар улуши юқорилигича қолмоқда. 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига, ушбу кўрсаткич 19 фоизни ташкил этди.

Молиявий оммабоплик

Банкларнинг молиявий оммабоплиги кичик ва ўрта бизнес учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг қай даражада эканлиги ва «банксиз» қолаётган аҳоли қатламини банк секторига жалб қилиш даражасини кўрсатади.

Ушбу йўналишда Ипак йўли банк, Агробанк ва Ҳамкор банк энг юқори кўрсаткичларга эга. 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига, Ипак йўли банкнинг ҳар бир филиалига ўртача ҳисобда 532 та кредит олган тадбиркор тўғри келган бўлса, ушбу кўрсаткич Агробанк ва Ҳамкор банкда мос равишда 476 ва 411 тани ташкил этди.

Молиявий оммабопликни баҳоловчи мезонлардан яна бири сифатида топ-10 йирик мижозларга берилган кредитларнинг жами кредит портфелидаги улушини олиш мумкин. Ушбу кўрсаткич ЎзКДБ банкда 78 фоиз, Равнақ банкда 57 фоиз, Ўзмиллий банкда 52 фоиз ҳамда Асака банкда 48 фоизни ташкил этди.

Банклар фаоллик индекси бўйича рейтинг

2020 йил 3-чорак учун ҳисобланган «Банклар фаоллик индекси» бўйича рейтингда Капитал банк 1-ўрнини сақлаб қолди. Ушбу банк молиявий воситачилик (3-ўрин), молиявий оммабоплик (4-ўрин) ҳамда даромад олиш салоҳияти (5-ўрин) бўйича юқори натижаларни кўрсатди.

Шунингдек, Капитал банкнинг молиявий оммабоплик индекси бўйича юқори кўрсаткичлари, хусусан 10 та энг йирик мижозларига берилган кредитлар улушининг пастлиги ҳамда хусусий секторга берилган кредитларнинг жами кредитлар ҳажмига нисбатининг юқорилиги мазкур банкниг ушбу рейтингда 4-ўринни эгаллашига сабаб бўлди.

Универсал банк умумий рейтингда 2-ўринни эгаллади. Хусусан, мазкур банкнинг молиявий воситачилик (4-ўрин), активлар сифати (1-ўрин) ҳамда даромад олиш салоҳияти (6-ўрин) бўйича кўрсаткичлари банкнинг умумий рейтингда 2 поғонага кўтарилишига ёрдам берди. Ушбу банкнинг капитал етарлилиги бўйича натижалари капитал етарлилиги кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигидан далолат бермоқда.

Умумий рейтингда давлат улуши мавжуд банклар орасида Ипотека банк 2 поғонага (15-ўрин), Микрокредит банк 6 поғонага (16-ўрин) ҳамда Ўзсаноатқурилиш банк 4 поғонага (19-ўрин) кўтарилди. Мазкур банкларда молиявий воситачилик ва оммабоплик бўйича ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Шу билан бирга, Халқ банки рейтинги май ойидаги 11-ўриндан 13-ўринга тушди. Чунки, мазкур банкнинг активлар сифати ва бошқарув самарадорлиги бўйича кўрсаткичлари банк тизими ўртача кўрсаткичидан пастроқ ҳисобланди. Хусусан, ушбу банкнинг муаммоли кредитларининг жами кредит портфелидаги улуши 4 фоизни, ҳар бир ишчисига тўғри келувчи фойда миқдори 34,5 млн сўмни (ўртача кўрсаткич 64 млн сўм), операцион харажатларининг даромадларига нисбати 53 фоизни ташкил этди.

Асака банк умумий рейтингда 4 поғона пастлаб, 17-ўринга жойлашди. Бунга сабаб, мазкур банкнинг бошқа банклар ва молия институтларидан олган депозитлар ва кредитлар ҳажми 1,4 трлн. сўмга, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ) олдидаги мажбуриятлари эса 788 млрд. сўмга ошгани бўлди.

Агробанк умумий рейтингда 8 поғонага тушиб, 18-ўриндан жой олди. Ушбу банкнинг бошқарув самарадорлиги ва ликвидлилик кўрсаткичлари банк тизими ўртача кўрсаткичларидан пастроқ ҳисобланди. Шунингдек, Агробанкнинг бошқа банклар ва молия институтлари олдидаги мажбуриятлари 839 млрд сўмга, Молия вазирлиги ва ЎТТЖ олдидаги мажбуриятлари 702 млрд сўмга кўпайиши молиявий воситачилик бўйича рейтингига салбий таъсир кўрсатди.

Ўзмиллий банк умумий рейтингда 1 поғонага пастлаб, 20-ўринни эгаллади. Банкнинг бошқа банклар ва молия институтларидан олган депозитлари ва кредитлари ҳажми 1,5 трлн сўмга кўпайди. Молия вазирлиги ва ЎТТЖ олдидаги мажбуриятлари эса 122 млрд сўмга ошди. Ўзмиллий банкнинг кредит портфелини молиялаштирилишида депозитлари улуши пастлигича (11 фоиз) сақланиб қолмоқда.

Қишлоқ қурилиш банк умумий рейтингда 3 поғонага тушиб, 21-ўринда жойлашди. Мазкур банкнинг жамғарма ва муддатли депозитлари 200 млрд сўмга кўпайган бўлсада, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитлари ҳажми депозитларига қараганда кўпроқ (446 млрд сўмга) ошди. Шунингдек, ушбу банкнинг ликвидлилик ҳамда даромад олиш салоҳияти бўйича кўрсаткичларининг пасайиши банкнинг умумий рейтингини бироз тушишига сабаб бўлди.

Банклар фаоллик индекси бўйича рейтинг

Туркистон банк, Хай-Тек банк, Пойтахт банк, Ўзагроэкспорт банк, Давр банк, Савдогар банк, Тенге банк Эрон Содерот банк, Мадад инвест банк ва Тибиси банк молиявий оммабоплик бўйича тегишли маълумотлар тақдим этмаганлиги сабабли ушбу рейтингда иштирок этмади.

Тадқиқот методологияси ва батафсил маълумотларни ўз ичига олган тўлиқ ҳисоботни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидан сўров бўйича олиш мумкин.