19 октябрь куни Самарқанд вилоятида содир бўлган ЙТҲ натижасида икки киши ҳалок бўлган, дея хабар берди ЙҲХББ матбуот хизмати.

Тахминан соат 06:30 ларда Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳудудидан ўтувчи «Олма Ота-Тошкент-Термиз» автомобиль йўли бўйлаб Lacetti автомашинасида ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи Б.Н. (1982 й.т.) йўлнинг бурилиб олиш қисмида ўзидан олдинда бурилиб олаётган «Газ-5327» русумли транспорт воситасининг орқа қисмига урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада Lacetti автомашинаси ҳайдовчиси Б.Н ва йўловчи Б.Ю. (1987 й.т.) оғир даражадаги тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этишган. Шунингдек, Lacetti автомашинаси йўловчилари Т.Ҳ. (1975 й.т.), Т.Д. (1989 й.т), ҳамда Т.Б. (1983 й.т.) турли тан жароҳатлари билан Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.