Ўзбекистон Олий суди жиноят процессига жиноят иши бўйича дастлабки эшитув институти жорий этилиши муносабати билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва муҳокамага қўйди.
Муҳокамага қўйилган ушбу қонун лойиҳасига кўра, Жиноят-процессуал кодекси қўшимча 491-боби (Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув) ҳамда 4052-40515 моддалари билан тўлдирилиши кутилмоқда.

Жиноят процессидаги қўшимча ва ўзгартиришларги мувофиқ, дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда, тарафлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Агар жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ўтказиш чоғида айбланувчининг яширингани аниқланса, судья ушбу айбланувчига нисбатан иш юритишни тўхтатиб туриш ва унга нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисида ажрим чиқариш ҳуқуқига ега бўлади.

Дастлабки эшитув жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб турилганда, жиноят иши бўйича иш юритиш тугатилганда, жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юборилганда, ишдан номақбул далилларни чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айбловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар уларни номақбул далиллар деб ҳисобласа, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига ега бўлади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида жиноят-процессуал кодексидаги 395−405 моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши келтириб ўтилган. Хусусан, 395-моддага биноан судья жиноят ишини айблов далолатномаси, айблов хулосаси ёхуд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор билан қабул қилиб олгач, ишни судловга тегишлилигига кўра ўтказиш ва ишни судда кўриш учун тайинлаш ҳамда дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисида ажримлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу қонун 2021 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 1 ноябригача давом этади.