Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Пўлатхон чорлови. Ғаройиб манзалар томон тўрт кунлик йўл.
2019 йил июнь ойида саёҳатчи Шароф Эгамбердиев жамоаси сирли Пўлатхон платосига ўқув машғулотлари учун йўл олишди. Ирода ва сабот синовлари қандай ўтди ва бу жой нима учун кишини ўзига тортади –
“Газета.uz” мақоласида.
Шароф Эгамбердиев

Саёҳатчи, биология фанлари доктори

Саёҳатчилик фаолияти давомида Шароф Эгамбердиев Эльбрусга кўтарилиб, Эверест таянч лагерида бир неча бор бўлган, Ҳимолай довонларидан ўтган, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудидаги 40 дан ортик чўққиларни забт этган ва “Сирли Ўзбекистон” ҳамжамиятини ташкил қилиб, илгари ўрганилмаган кўпгина жойларга йўл очиб берган.

“Газета.uz” учун навбатдаги махсус мақоласида Шароф Эгамбердиев ўтган йили Тошкент вилоятининг Пўлатхон платосига уюштирган саёҳати ва бу жойлар тўғрисидаги афсоналар ҳақида гапириб берди.
Оғир кечган илк қадам
2019 йил жамоамиз учун саёҳатларга бой йил бўлди. Биз Ҳимолай тоғларида бўлдик, баландлиги 5000 метрдан ошган учта довонга кўтарилдик, Эверест таянч лагерига ташриф буюрдик, Тожикистон ва Ўзбекистон тоғларида бир қатор кўтарилишларни амалга оширдик.

Қийин экспедициялар олдидан ҳар доим ўқув сафари бошланади. Жамоанинг бу сафарларга тайёргарлиги баҳорда бошланиб улгурганди. Шундай машқларнинг бири учун биз машҳур Пўлатхон платосига олиб борувчи йўлни танладик. Жамоа аъзоларининг мақсади функционал чидамлиликни ривожлантириш эди. Оғир рюкзаклар ва қарийб 100 кмлик айланма йўналиш бу вазифани бажариш учун жуда мос эди.

Тошкент вилоятининг барча географик хилма-хилликлари орасида айниқса Пўлатхон платоси ажралиб туради. Ҳар доим саёҳатчиларнинг эътиборини тортган бу маскан ҳақида кўплаб достон ва афсоналар мавжуд.
Плато жойлашган баланд тоғларда йил фасллари тақвим бўйича эмас. Aгар июнь ойида шаҳарда жазирама бўлса, бу ерда эндигина эрта баҳор келади. Июнь – Пўлатхон платосига ташриф буюриш учун энг яхши вақт: йўлда сув билан боғлиқ муаммолар йўқ, ҳамма жойда чиройли баҳор манзаралари кўзга ташланиб туради.
15 июнга ўтар кечаси биз Тошкентни тарк этиб, бир ярим соатдан кейин Билдирсой арқон суянчиқли йўлига етдик. Пўлатхон платосини бу ердан Тахта довони, Жар тоғи, Мингжилқи тизмаси ва Қорагўр чўққиси орқали ўтган 35 км йўл ажратиб туради.
Соат эрталабки 3:40ни кўрсатмоқда, ҳаво ҳали салқин. Гуруҳ аста-секин юқорига қараб ҳаракатлана бошлади. Шошадиган еримиз йўқ. Олдинда бизни узоқ кун ёруғи ва беш кунлик қизиқарли сафар кутмоқда. Сафарнинг дастлабки соатлари энг қийин соатлар. Тананинг оғир рюкзакларга ва тобора кучайиб бораётган юкламага кўникиши учун вақт керак.
Тонгги шафақни олма боғида кутиб олдик. Чиройли ва ёрқин, у узоқ вақт ёнди. Ғайриоддий илиқ шамол кун иссиқ бўлишини англатарди.
Бир ярим соатдан кейин биз Чет Кумбел довонига етиб бордик. Катта Чимён ён бағирлари орасидан қуёш аллақачон кўтарилиб, водийни юмшоқ олтин нур билан ёритишга улгурди. Ҳамма жойдан қушларнинг шивирлаши эшитиларди. Қарағай игналари ва кўплаб ўсимликларнинг ҳиди кутилаётган саргузашт ҳисси билан бизни маст қиларди.
Чет Кумбел довони ортидан сўқмоқ йўл аста-секин баландлай бошлайди. Бу узоқ кўтарилиш тахминан икки соатлик пиёда юришни талаб қилади. Йўлнинг ҳар бир янги бурилишида Нурекота ва Билдирсой дараларида гўзал баҳор манзарали очилади.
Тепалик чўққисида сўқмоқ йўл тошли чиқиш йўлларидан ўтиб боради. Улар қоятош расмлари – петроглифлар билан ўйилган. Уларнинг ёши тахминан 6-10 минг йилни ташкил этади, бу неолит ​​даврига тўғри келади. Тасвирлар ўша даврда бу ерда яшаган ҳайвонлар ва уларга қилинган ов ҳақида ҳикоя қилади.

Кучларимизни тиклаб олиш учун булоққа тушдик. Бизни куннинг энг машаққатли қисми – Кумбел довонига кўтарилиш ва Тахта довонига ўтиш кутиб турарди.

Жамоа аъзоларининг вазни ҳар хил, аммо рюкзак оғирлиги ҳаммада деярли бир хил. Тасмалар елкаларга ботган. Баъзиларнинг қанчалик ноқулайлик ва оғриқ ҳис қилаётганлари шундоқ кўриниб турарди. Ҳаддан ортиқ юклама туфайли ҳар ким ўз темпида юрар эди. Гуруҳ йўл бўйлаб юзлаб метрларга тарқалганди.
Траверс алдамчи бўлиб, қисқа туюлади, аммо ҳар бурилишда йўл узайиб боради ва узоққа чўзилади. Баъзи жойларда баландликдан жуда пастлаб, кейин яна Катта Чимён ён бағирларига кўтарилиш керак.
Гўзаллик уфқи
Пўлатхон платосини Пскем тизмасининг бир қатор тепаликларидан, Катта Чимён ва Қизилнур тоғидан кўриш мумкин. Aммо энг чиройли кўриниш Тахта довонидан бўй кўрсатади. Мана сўқмоқ йўл сўнгги айланасинининг якунига етди ва ўзининг улуғворлиги ҳамда гўзаллиги билан Пўлатхон платоси саёҳатчилар кўз олдида қад ростлади.

Бу ердан кўринган манзара энг ҳаяжонли таассурот уйғотади. Эсимда, бундан етти йил олдин Пўлатхонни биринчи марта айнан шу жойдан кўрган эдим. Платосимон улкан чўққи ўзига тортарди. Қораарча дарасига тушаётган тошлар ва жарликларнинг гўзаллигидан ҳайратда қотиб қолгандим. Ҳозир йигитларнинг ҳайратомуз нигоҳларини кўриб, ниҳоятда мамнун бўлдим. Биринчи куннинг чарчоқлари бу афсонавий манзараларни кўриб, ўтиб кетгандай туюлди.
Тахта довони – Катта Чимён ва Жар тоғи ўртасидаги кўприк. У Нурекота дарёси водийсини Қораарча дарёсидан ажратиб туради. Довон икки водийнинг шамоллари учун очиқлиги туфайли кучли елвизак кузатилади. Ҳанузгача сақланиб қолган қор ерлари билан қўшни бўлган бу ерлар, айниқса, қароргоҳ учун жуда ноқулай жой.

Биз 100 вертикал метрга тушиб, қароргоҳ қурдик. Шошилинч кечки овқат. Жамоанинг бир қисми жуда чарчаган ва қуёш ботишга улгурмасидан ухлашга ётди. Қолганлар бугунги машаққатли ва мазмунли кунни кузатишди. Қуёш аста-секин шимоли-ғарбий томон силжиди. Жануби-шарқда тўлин ой кўтарилди. Яна бир соат давомида биз шаҳарнинг жазирама ёзида етишмаётган тунги салқинликдан завқландик.
реклама
реклама
Кун биз учун эрталаб соат бешда бошланди. Туннинг салқинлиги чодирнинг бутун майдонини тўлдирди. Термометр +5 даражани кўрсатарди. Ўтиб кетаётган қўйлар подасининг маърашидан уйғониб кетдим, чодирнинг этагини кўтариб, эрталабки қуёш нурлари билан ёритилган чўққиларни кўрдим.

Тезгина нонушта қилиб, қароргоҳни йиғиб, йўлга чиқдик. Жамоа аъзоларининг юзларида табассум. Пўлатхон платоси бир қадамлик масофада тургандек кўринади.
Жар тоғини айланиб, юқорисига чиқдик. Сирпанчиқ довонига тушиб, биз узун, деярли қия Мингжилқи тизмасига етиб бордик. Ушбу тизманинг номи ҳақли равишда “минг айғир” деб таржима қилинади. Бу ерларда кўплаб бундай чиройли жонзотлар бу боқилади.
Рюкзаклар елкаларни тобора кўпроқ эзар ва аста-секин иштирокчиларни чарчатарди. Тушлик пайтида биз Қораарча дарёсининг бошланишига етдик. Бу ерда тушлик қилдик ва бир соатча дам олдик.

Кейинги йўналиш Қорагўр тоғидан ўтарди. Бу баландлиги қарийб 3 км бўлган улкан тепалик. Тоғнинг чўққиси ва тоғ олди ландшафтлар баланд тоғли чўл билан ифодаланади.

Қорагўрнинг қуйи қатламларида ёзги яйловлар кўп бўлишига қарамай – тоғ чўпонлар орасида яхши ном қозонмаган. Улар ҳеч қачон бу ерда тўхтамасликларини ва ҳар доим қоронғи тушмасдан тоғнинг тепасидан ўтишга ҳаракат қилишларини айтишди. Қорагўр тоғининг номи ҳам – “қора қабр”, ўзида ҳеч қандай яхшилик акс этмайди.
Ушбу жойларнинг баландлиги денгиз сатҳидан тахминан 2800 м баландликда. Бу ерга баҳор эндигина келди, аммо ўзининг энг яхши кўринишида ҳукмронлик қилмоқда. Кўп сонли қорлар июнь қуёши остида эрийди ва кўпикли оқимларни ҳосил қилади. Қияликлар қизил ва сариқ лолалардан гилам билан қопланган.
Ривоятлар изидан
Пўлатхон бир қадамлик масофада ястаниб ётгандай туюлади. Aммо Қорагўрдан платонинг чеккасигача бўлган масофа 10 км. Тоғни айланиб ўтгач, йўлнинг иккинчи қисми деярли биринчиси каби узун эканлигини тушунасиз. Сўқмоқ йўл кескин баландликни пастлатади. Кейинги қияликда яна баландликка чиқиш керак, буни эса сафарнинг ёқимли лаҳзаси деб бўлмайди.
Одатда юкимиз кўп бўлмаган пайтда Пўлатхонга иккинчи куннинг тушлик пайтида етиб олардик, аммо бу сафар бундай бўлмади. 30 килограммлик рюкзаклар гуруҳнинг аксар қисмини шунчалик чарчатдики, биз Палат довонига соат 16:00 да етиб бордик. Платога етиб бориш учун яна икки соат вақт керак эди. Биз довонда қароргоҳ қуришга қарор қилдик.
Учинчи куни эрталаб биз Пўлатхон дарвозасига тезда етиб келдик. Тор сўқмоқ йўл қоятошлар бўйлаб ўтиб кетади. Бу ҳозирги кунда платога ўтишнинг деярли ягона йўли.
Афсоналарга кўра, Қўқон хони Пўлат жияни билан нифоқлашиб, унга қарши жангда ютқазган ва оиласи ҳамда ишончли одамлари билан бирга забт этилмаган тоғларга қочишга мажбур бўлган. У ичимлик суви ва яйлов кўп бўлган жойни топади. Бу ердан ўнлаб километрлик кўриниш очиларди, платонинг ғорлари душмандан ишончли паноҳ эди ва ягона ўтиш жойини мудофаа қилиш қийинчилик туғдирмасди.

Афсонага ишонадиган бўлсак, Пўлатхоннинг камончилари текисликка олиб борадиган ягона йўл – айнан шу ерда турган ва уни қўриқлаган. Aгар биз ўзимизни хон Пўлат жангчиларининг ўрнида тасаввур қилсак, бу йўлакда бизнинг позициямиз аниқ ютуқли бўлмаган бўларди.

Фақатгина узоқдан Пўлатхон текис туюлади. Чўққида турганда эса унинг юзаси тепаликсимон эканлиги кўринади.
Платонинг майдони тахминан 8 км²ни ташкил қилади. Унинг жануби-шарқдан жануби-ғарбий томон узунлиги 5 кмга яқин. Платонинг шимоли-шарқий ва жануби-шарқий томонларида Теракли ва Қораарча дарёларигача чўзилган бир неча километр узунликдаги тик ёриқлар мавжуд.
реклама
реклама
Доиранинг сувли сурати
Интернетда Пўлатхон платоси ҳақида ўқиётганда, ушбу жойнинг ғайритабиийлиги, келиб чиқиши номаълум афсонавий доиралар ҳақидаги кўплаб ҳикояларга дуч келишингиз мумкин.

Масалан, карст чуқурларга олиб келинган ва чўпонлар томонидан бироз ўзгартирилган оқим. Эритилган сув қор майдонларидан мазкур тарновлар бўйлаб чуқурларга оқади. Платода бундай оқимлар жуда кўп. Бу ерга биринчи марта келган одамга улар ғалати туюлади. Қарийб тўғри юмалоқ шаклга эга бўлган чуқурлар бутун плато бўйлаб деярли бир қаторда жойлашган.
Эрталаб соат 9 ларда биз платонинг чекка нуқтасига етиб бордик. Баъзан катта рюкзаклар юкидан қийналиб, олдинга югурмасдан тўхташ жуда муҳим. Кеча биз шундай қилдик ва бир кеча давомида тўлиқ тикланиб, хотиржамлик билан тезда ва кўтаринки руҳда белгиланган нуқтага етдик.
Платонинг шарқий қисмида Пўлат девори деб номланган девор мавжуд. У асосий платони шакли ўхшашлиги сабабли Кичик Пўлатхон деб номланган кичик қисмидан ажратиб туради. Мана шу яшил ўтлоқларда биз кейинги бир ярим кун ва икки кеча учун тўхтаб қоламиз.

Пўлатхонда бизда иккинчи йил давомида амал қилаётган анъанамиз туғилган – жамоамиз аъзоларидан бири Шуҳратнинг туғилган кунини нишонлаш.
Сафарнинг тўртинчи кунида биз платонинг бутун ҳудуди бўйлаб юрдик, Зайдман ғорининг кириш қисмига келдик.
Бу Пўлатхон платосининг энг машхур, энг чуқур ва энг мураккаб ғори. Унинг кириш жойи ўтган аср 80-йилларининг бошларида кашф этилган бўлса-да, ғор расмий равишда 1988 йилда Сафонов бошчилигидаги Новосибирск спелеоклуб экспедицияси томонидан кашф қилинган.

1988 йилдан 1991 йилгача ғорни олтита экспедиция ўрганиб чиқди. 1988 йилда тахминан 30 метр ичкари қисми босиб ўтилган.  Шу билан бирга, “рус меандери” – ғорнинг жуда тор горизонтал қисми ўрганилган. Ундан ўтиб, орқасидаги ғорнинг кенгроқ қисмига кириш фақат маълум ҳаракатлар ва тана ҳолатларининг мураккаб тўплами ёрдамидагина амалга оширилган.
“Рус меандери”нинг босиб ўтилишида Aлександр Зайдман ва Aркадий Гайдамаккнинг хизматлари катта. Кейинчалик меандр кўплаб тажрибали спелелоглар учун енгиб бўлмайдиган тўсиқ бўлди.

1990 йилда платода иккита экспедиция – Новосибирск ва Болгария спелеологларининг қўшма экспедицияси ва Владимир Долгий бошчилигидаги Тошкент экспедицияси ишлади. Болгарлар туфайли “рус меандери” ўз номини олди.

Қўшма экспедиция ғорнинг 370 метр ичкарисини ўрганди. Худди шу жамоа ғорни бир йил олдин Кавказда Адашганлар ғорида вафот этган Aлександр Зайдман номига аташга қарор қилди.
Aфсона ва ривоятларни четга суриб қўйсак, Пўлатхон кучли ва тушунтириш мушкул энергияга эга. Бу ер ўзингиз билан ёлғиз қолиш, жарликдан баландроқ жойда ўтириб, атрофдаги нарсаларга чалғимасдан, ўз фикрларингизга шўнғиш учун ажойиб маскан.

Бу ерда барча муаммолар, салбий фикрлар тубсиз чуқурликка қулайди. Фақат тоза онг қолади. Бу ерга такрор ва такрор қайтишни истаб қолади, инсон.

Етти йил давомида мен бу ерда уч марта бўлдим. Aммо аминманки, вақти келганда Пўлатхон мени яна чорлайди ва мен бу ерга албатта қайтиб келаман, худди бу ерда илк марта бўлган бу жамоанинг ҳар бир аъзоси қайтгани сингари.
Матн, фотосуратлар ва видео муаллифи: Шароф Эгамбердиев
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар муаллифга ва “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Муаллиф:

"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг