Аввалроқ, Навоий вилоятининг Конимех туманидаги 2-сонли «Олтин калит» давлат мактабгача таълим ташкилоти шу йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилиб, унинг қурилишига 4 млрд сўм сарфлангани ва орадан 8 ой ўтгач муассаса таъмирталаб аҳволга келиб қолгани ҳақида хабар берган эдик.


Мазкур ҳолат юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби билан боғланди. У болалар боғчаси фаолияти март ойида бошланган карантиндан бери ҳозирги кунда қадар қайта тикланмаганини маълум қилган.

Бундан ташқари, «Газета.uz» таҳририяти сўровига асосан вазирлик матбуот котиби Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармасининг ҳолат юзасидан берган маълумотномасини ҳам тақдим этди. Хатда келтирилишича, болалар боғчаси 2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилишнинг манзилли дастурига тушган ва муассаса учун 125 ўринли қўшимча блокни ёнма-ён қуриш белгиланган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда хабар тарқалишидан аввалроқ,13 октябрь куни Навоий вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК директори ва Конимех туман МТБ мудири жойга чиққан ҳолда тафсилотларни ўрганишгани қайд этилган.


Маълум бўлишича, тендер савдоларида «Навоий ГРЭС қурилиш» УК қурилиш компанияси ютиб чиққан, лекин объект қурилиши муддатини кечиктиргани ва бошқа сабабларга кўра, суднинг тегишли қарори билан ушбу компания билан шартнома бекор қилинган. Объектдаги якуний қурилиш ишлари эса тегишли қарор асосида «Барака бино« МЧЖга олиб берилган ва бино қурилиши 2019 йилда якунланиб, фойдаланишга топширилган.

Бошқарма маълумотномасида ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда ушбу объектнинг ички қисмидаги айрим қўшимча деворларида ёриқлар борлиги аниқлангани қайд этилмоқда. Мазкур мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти шу йилнинг 16 март санасидан буён тўхтатилган.

Бошқарма маълумотномасида «Шунингдек, ушбу мақола ва видео лавҳадаги (ижтимоий тармоқ ва интернет нашрлари ҳақида гап кетаяпти) айрим важлар (маълумотлар) асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз», — дейилади.

Хат давомида болалар боғчасининг эски биносига оид носозликлар ҳақида ҳам гап бормоқда. Лекин, бошқарма маълумотномаси мазмунидан англаш мумкинки, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу болалар боғчасининг 4 млрд сўмга бунёд этилган янги биносига бориб тақалмоқда.

ДМТТнинг янги биноси тантанали очилишдан сўнг, фаолият юритган ёки юритмаганини аниқлаш мақсадида «Газета.uz» мухбири Навоий вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев билан боғланди. Унинг маълум қилишича, боғчанинг янги биноси тўлиқ фойдаланишга топширилган ва карантин эълон қилингунча, яъни 16 март санасига қадар ишлаган.

«Газета.uz»нинг манбаси болалар боғчасининг янги биносини Навоий вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бошчилигидаги 7 кишидан иборат комиссияси қабул қилиб олганини айтмоқда. Девордаги ёриқлар эса тендер савдоларида ютиб чиқиб, ишни охирига етказа олмаган «Навоий ГРЭС қурилиш» УК қурилиш компаниясининг айби сифатида кўрилмоқда.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Газета.uz» мухбири вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Бобомуродов билан боғланди. Унинг таъкидланишича,"Навоий ГРЭС қурилиш" УК қурилиш компанияси аввалига 90 фоиз ишни амалга оширган ва банкротлик ҳолатига келиб қолган. Девордаги ёриғлар эса ростдан ҳам ушбу қурилиш компанияси иши бўлиб чиқмоқда. Қолаверса, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси комиссияси қурилишдан сўнг объектни қабул қилиб олганини тасдиқлади.

Ҳоким ўринбосарининг ишонтиришича, объектдаги қолган 10 фоиз бунёдкорлик ишлари бошқа қурилиш компанияси томонидан амалга оширилган ва бугунги кунга келиб аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилган.