Шу йилнинг 16 октябрь куни 9009-сонли Ҳарбий қисм чегарачилари билан ўтказилган Экологик назорат тадбири давомида 8 нафар фуқаро Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Тупроққалъа тумани чегара олди ҳудудида тунги соат 02:00 ларда ов қилиб юрган вақтида қўлга олинган. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар бермоқда.
Ҳуқуқбузарларнинг чегара олди ҳудудларида бўлиш режими ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузган ҳолда ов қилиш мақсадида юргани ва бир дона ёввойи тўнғизни отиб ўлдиргани аниқланган.
«Ҳуқуқбузарлардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилди», — дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд идораларига тақдим этилиши таъкидланган.
«Газета.uz»нинг Хоразм вилоятидаги манбасига кўра, қўлга олинганлар орасида тўрт нафар ишсиз фуқаро, овни ташкиллаштирувчи икки нафар тадбиркор, Тупроққалъа туман ҳокими ўринбосари ва майор унвонига эга ИИБ ходими бўлган. Давлат экология қўмитасининг ахборот хизмати таҳририят сўровига кўра, ҳибсга олинганларнинг шахсини судгача ошкор қила олмасликларини таъкидлашди.
Воқеа тафсилотлари билан яқиндан таниш бўлган «Газета.uz» манбаси ҳуқуқбузарлар экология инспекторларининг ов қилиш ва чегара ҳудудида бўлиш тақиқлангани борасидаги огоҳлантиришини эътиборсиз қолдирганини таъкидлади. Қонун бузилиш ҳолатидан сўнг, инспекторлар ҳарбий хизматчилар билан биргаликда ҳуқуқбузарларни қўлга олишган.
Шу билан бирга, ҳокими ўринбосари ва ИИБ ходими инспекторларга босим ўтказиб, ҳодиса жамоатчиликка ошкор этилгудек бўлса, уларни ишдан бўшатиб юбориш билан пўписа қилган.
«Газета.uz» таҳририяти вазиятни изоҳлаш бўйича Бош прокуратурага сўров юборди.