Германиянинг Баден-Вюртемберг маъмурий суди 16 октябрь куни бўлган жараёнда аёл билан қўл бериб кўришишдан бош тортган мусулмон эркакнинг фуқаролик олиш аризасини рад этди. Бу ҳақда Deutsche Welle маълумот берди.

40 ёшли эркак 2002 йилда Ливандан Германияга келган. Тиббиёт соҳасида мутахассис бўлган шахс ҳозирда Германия клиникасида шифокор. 2012 йилда у Германия конституциясига садоқати ва экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги декларацияни имзолаш орқали фуқароликни олиш учун мурожаат қилди. Кейинчалик у фуқароликни қабул қилиш имтиҳонини энг юқори баллга топширди.

2015 йилда ҳужжатларни олиб, давлат хизматчиси бўлган аёл кишининг қўлини сиқишдан бош тортганидан сўнг, унинг аризаси бекор қилинди. Бу ҳодисани шахс хотинига бошқа аёлга қўл бермасликка ваъда бергани билан изоҳлади.

Шахс Штутгарт маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди, аммо у ерда аризаси рад этилди. Шундан сўнг у юқори Баден-Вюртемберг судига мурожаат қилди. У ерда ҳам суд шахснинг аризасини қабул қилмади. Суд баёнотида аёл билан қўл бериб кўришдан бош тортган шахс «Германияда яшаш шароитларига мослаша олмаслиги» таъкидланди.

Шунингдек, суд қўл бериб кўришиш саломлашиш ва хайрлашишнинг оғзаки нутқий маросими эканлигини, бу алоқадор томонларнинг жинсига боғлиқ эмаслигини таъкидлади. Шартнома тузишда рамзий маънога эга бўлган ушбу имо-ишора қонуний аҳамиятга эгалиги ҳам таъкидланди. Қарорда айтилишича, ким жинси бўйича қўл беришни рад этса, Германия конституциясида белгиланган тенгликни бузади.