15 октябрь куни «Агробанк» Ғаллаорол тумани бўлими биноси яқинида жойлашган банкоматдан пул маблағларини тунамоқчи бўлган йигит воқеа жойида қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, хизмат олиб бораётган Миллий гвардия Жиззах вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари соат 00:40 ларда кузатув камераси монитори орқали банк биноси ёнида жойлашган банкомат хонасига ноъмалум шахс томонидан юзига ниқоб таққан ҳолда кириб, пул маблағларини ғайриқонуний равишда олишга уринаётганлигини кўришади.

Ходимлар томонидан кўрилган тезкор чора-тадбир натижасида ушбу шахс банкомат хонасидан чиқиб кетишга улгурмай ушланган. Шундан сўнг ходимлар томонидан туман ИИБга хабар берилган ва воқеа жойига етиб келган тезкор тергов гуруҳига ўрнатилган тартибда топширилган.

Ҳолат юзасидан фуқаронинг шахсига аниқлик киритилганда, у Ғаллаорол тумани Қипчоқсув ҚФЙда яшовчи 1999 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О. З. экани маълум бўлди. Ҳозирда туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштурув ишлари олиб борилмоқда.