Бош прокуратура томонидан куз-қиш мавсуми учун аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда захирасини яратишда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича комплекс чора — тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади Бош прокуратура бошқарма прокурори, адлия маслаҳатчиси Д.Валижонов мақоласида.

Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида тегишли вазирлик ва идора ходимларидан иборат аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига кўмир ва суюлтирилган газ маҳсулотлари етказиб беришни мувофиқлаштирувчи идоралараро тезкор штаблар ташкил этилди.

Аҳоли учун кўмир ва суюлтирилган газ етказиб беришда юзага келадиган муаммолар юзасидан алоҳида «ишонч телефони»ни ташкил этилди.

Кўмир маҳсулотлари ишлаб чиқарилишидан бошлаб аҳоли ва ижтимоий соҳа ташкилотлари эҳтиёжлари учун етказиб бериш ҳамда сақлашгача бўлган жараёнлар устидан доимий назорат ўрнатилди.

Кўмир маҳсулотларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш

Куз — қиш мавсуми учун аҳолига етказиб берилиши лозим бўлган 940 минг тонна кўмир маҳсулотларидан 32 фоизи ёки 300 минг тоннаси «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан 91 та ҳудудий омборларга етказиб берилган бўлса, шундан атиги 10 фоизи (29 минг тн.) аҳоли томонидан олиб кетилган.

Маълумот учун: Андижонда омборлардаги 70 697 тонна кўмир маҳсулотларининг 9 фоизи, Наманганда 58 890 тоннадан 2 фоизи, Фарғонада 56 500 тоннадан 5 фоизи, Самарқандда 25 303 тоннадан 29 фоиз, Бухорода 12 192 тоннадан 7 фоизи ва Жиззахда 6 587 тоннадан 17 фоизи, Сурхондарёда 6 441 тоннадан 11 фоизи, Хоразмда 18 842 тоннадан 40 фоизи, Сирдарёда 3 329 тоннадан 51 фоизи ва Қашқадарёда 8 782 тоннадан 1 фоизи аҳолига етказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Тошкент вилоятларида аҳоли томонидан кўмир маҳсулотлари олиб кетилмаган.

Ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш режалаштирилган 405,4 минг тонна кўмир маҳсулотларидан 94 фоизи, яъни 370 минг тоннаси «Ўзбеккўмир» АЖнинг ҳудудий омборларига етказилган. Бюджет муассасалари томонидан ушбу кўмир маҳсулотларидан 257 минг тоннаси ёки 74 фоизи ташиб кетилган.

Хусусан, 40 минг тонна (умумий эҳтиёжга нисбатан 86 фоиз) соғлиқни сақлаш, 45 минг тонна (78 фоиз) мактабгача таълим, 156 минг тонна (73 фоиз) халқ таълими ҳамда 17 минг тонна (53 фоиз) олий ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан қабул қилиб олинган.

Пул маблағларининг ажратилиши ва молиялаштирилиши

Бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотларини харид қилиш учун бюджетдан жами 171 млрд сўм маблағлар июль-октябрь ойларида режа-график асосида ажратиб берилиши белгиланган.

Бу борада мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан кўрилган чоралар натижасида 9−16 октябрь кунлари махаллий бюджетлардан 8,2 млрд сўм ижтимоий соҳа муассасаларига ажратилиши таъминланди.

Бироқ ушбу мақсадлар учун маҳаллий бюджет маблағларидан ажратилиши лозим бўлган 143 млрд сўм маблағдан атиги 43 фоизи (62,2 млрд сўм) молиялаштирилган, холос.

Маълумот учун: Андижон вилоятига график бўйича молиялаштирилииш белгиланган маблағларнинг 72 фоизи, Фарғонада — 70 фоиз, Сурхондарёда — 67 фоиз, Жиззахда — 63 фоиз, Қашқадарёда 60 — фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси — 56 фоиз, Навоийда — 51 фоиз, Тошкент вилоятида 48 фоиз, Наманганда — 47 фоиз, Сирдарёда — 46 фоиз, Хоразмда — 35 фоиз ва Бухорода 28 фоизи амалга оширилмаган.

Оқибатда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 9,7 млрд сўм (89 фоизи), Халқ таълими вазирлиги томонидан 45,3 млрд сўм (58 фоиз), Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 14,6 млрд сўм (57 фоиз) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 3,5 млрд сўм (19 фоиз) тўловлар амалга оширилмасдан турибди.

Назорат тадбирлари натижалари

Прокуратура органлари томонидан куз-қиш мавсуми учун кўмир маҳсулотларини харид қилиш, тақсимлаш, етказиб бериш, сақлаш ва сарфлаш жараёнларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича барча даражадаги вазирлик ва идораларнинг (Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим, Энергетика, Транспорт, Молия, Маҳалла ва оилани қуллаб — қувватлаш вазирликлари, «Ўзбекқумир» ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖлари, «Кўмир етказувчи"унитар корхонаси, вилоятлар ҳокимликлари ва ҳ.к) 400 нафардан ортиқ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари расман огоҳлантирилди.

Назорат тадбирларида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётган кўмир маҳсулотларининг сифати ва белгиланган талаблар асосида сақланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, «Ўзэнергоинспекция» томонидан ижтимоий соҳа объектларининг кўмир сақлаш омборлари ҳолати ўрганилганида, Мактабгача таълим вазирлигидаги 351 та, Халқ таълими вазирлигидаги 625 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги 259 та ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигидаги 31 та омбор мавсумга тайёр эмаслиги аниқланган.

Бундан ташқари, жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар давомида «Ўзбеккўмир» АЖга қарашли 91 та ҳудудий омборнинг 55 таси қониқарсиз аҳволда эканлиги аниқланди.

Хусусан, Фарғона (8 та), Қашқадарёда (7 та), Сурхондарё ва Жиззахда — (6 тадан), Навоийда (5 та) да мавжуд барча омборларнинг том қисми тўлиқ ёпилмаганлиги, ёғингарчилик ва қуёш нуридан ҳимояланмганлиги, ёнғин хавфсилиги талабларига жабор бермаслиги сабабли қониқарсиз деб топилган бўлса, Самарқандда 12 тадан 7 таси, Хоразмда 11 тадан 5 таси, Тошкент вилоятида 7 тадан 3 таси, Андижонда 7 тадан 6 таси ва Бухорода 5 тадан 2 тасида шу каби камчиликлар қайд этилган.

Мазкур омборлардаги камчиликларни бартараф этилиши ҳудудий прокурорлар томонидан назоратга олинди.

Кўмир маҳсулотларининг талон-торож қилинишини олдини олишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, Департамент органлари томонидан шу кунгача бу борада 5 та жиноят фош этилиб, 684 тонна кўмир маҳсулотлари талон-торож қилинишининг олди олинди.

Жумладан:

  • «Ўзбеккўмир» АЖнинг «Кармана кўмир омбори» ходимлари Ж.М ва А.Б 58,5 тонна кўмир маҳсулотларини гўёки «Хатирчи кўмир омбори»га юборилгани ҳақида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириб, Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Ғ.А.га ҳар бир тоннасини 510 минг сўмдан сотаётган вақтида ушланган;
  • «Навоий кўмир етказувчи» филиали мансабдор шахслари жами 71,7 млн сўмлик 174 тонна тайёр кўмир брикетини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган;
  • «Ўзбеккўмир» АЖнинг «Фарғона кўмир етказувчи» филиали Олтиариқ туман омбори ходими И.И бюджет ташкилотларига тарқатиш учун ажратилган 345 тонна кўмирни 100 млн сўмга ноқонуний равишда сотгани аниқланган;
  • «Андижон кўмир етказувчи» филиали Асака туман омбори мудири М.Х 27,5 тн кўмирни фуқаро Д.Хга 15,8 млн сўмга сотгани аниқланган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бугунги кунда куз-қиш мавсуми учун аҳолига етказиб берилиши лозим бўлган кўмир махсулотлари «Ўзбеккўмир» АЖ нинг 91 та ҳудудий омборга етказиб берилмоқда, кўмир маҳсулотларига эхтиёжи бор аҳоли кўмирни 1 тоннасини 300,3 минг сўмдан, кўмир брикетини 412,5 минг сўмдан сотиб олишлари мумкин.

Агарда ушбу омборларда қайд этилган нархдан баланд нархда сотиш, таъмагирлик ҳолатлари, шунингдек суюлтирилган газ етказиб берилиши, унинг нархлари билан юзага келган муаммолар бўйича идоралараро тезкор штабларнинг куйидаги «Ишонч телефони»га мурожаат қилишлари сўралади.


Идоралараро тезкор штаб «Ишонч телефон» рақамлари




1

Марказий штаб

71−233−10−07

2

Қорақалпоғистон Рес.

61−223−10−07

3

Андижон вилояти

74−234−40−90

4

Бухоро вилояти

65−221−58−26

5

Жиззах вилояти

72−222−82−80

6

Қашқадарё вилояти

75−226−08−89

7

Навоий вилояти

79−225−27−29

8

Наманган вилояти

69−234−40−36

9

Самарқанд вилояти

66−237−80−00

10

Сурхондарё вилояти

76−224−06−82

11

Сирдарё вилояти

67−225−17−56

12

Тошкент вилояти

71−250−82−04

13

Фарғона вилояти

73−226−48−81

14

Хоразм вилояти

62−228−50−16, 62−228−50−20