Сурҳондарё вилоятининг Ангор туманида автомобилнинг каналга тушиб кетиши оқибатида бир оиладан тўрт нафар киши ҳалок бўлди, дея хабар берди ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Ҳодиса 18 октябрь куни соат 23:00да «Қорабоғ» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1433-километрида содир бўлган. 1993 йилда туғилган ҳайдовчи И. И. Nexia-3 русумли транспорт воситасини «Самарқанд-Термиз» йўналишида бошқариб келиб, йўл бўйлаб оқиб ўтувчи каналга тушиб кетган ва автомобилда ёнғин келиб чиққан.

Натижада транспорт воситаси ҳайдовчиси, унинг 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ф.А ҳамда вояга етмаган фарзандлари 2016 йилда туғилган С.Ў ва 2017 йилда туғилган С.И лар оғир даражадаги тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган.


Мазкур ҳолат юзасидан 19 октябрь куни Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одамлар ўлимига сабабчи бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.