Ўзбекистон Қаҳрамони, собиқ сенатор, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг мудири, таниқли археолог Ғайратдин Хожаниязов 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар бермоқда.

У 1948 йили Қораўзак туманида туғилган. 1972 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалининг Н.Давқораев номидаги Тарих, тил ва адабиёт институтининг археология бўлимига ишга кирган. Кейинчалик Москва давлат университетида, Москвадаги Фанлар академиясининг Археология институтида тажриба орттирган.

1994 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими тасарруфидаги янги очилган Тарих, археология ва этнография институтининг археология бўлимида дастлаб илмий ходим, сўнгра бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. У сўнгги вақтларда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг мудири лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Археолог Қорақалпоғистондаги кўплаб тарихий ҳудудлардаги археологик ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган ва экспедицияларга раҳбарлик қилган.

Ғ.Хожаниязовнинг 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган, 2008 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» буюк унвонига сазовор бўлган.

2014 йилда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгашига депутат, 2015 йилда эса Ўзбекистон Сенати аъзоси этиб сайланган.