17 октябрдан бошлаб Фарғона вилоятида кузатув камералари тиббиёт ниқобисиз юрган фуқароларни аниқлашни бошлади. Фарғона вилояти ИИБ маълумотига кўра, икки кеча-кундузда 1364 нафар (17 октябрда — 156 нафар, 18 октябрда — 1208 нафар) шахс ниқобсиз юргани аниқланган.

Уларнинг шахси маълумотлар базаси орқали аниқланмоқда. Ушбу қоидабузилиш ҳолатлари бўйича ИИО ва Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштириб, почта орқали фуқаронинг яшаш манзилига юборилади.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисмига биноан (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда карантин пайтида жамоат жойларида ниқобсиз юриш БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.