Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Бахрамов 60 ёшида вафот этди, дея хабар берди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг «Газета.uz» га хабар беришича, Аъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида дафн этилади. Чунки марҳумнинг уйи шу ерда жойлашган. Ҳокимлик томонидан, шунингдек, ўлим сабаби ССВ томонидан текширилганидан сўнг аниқланиши айтилди.

Аъзамхон Бахрамов 1960 йил 12 январда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган, дея маълумот беради туман ҳокимлиги сайти. 1986 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатган. 2004 йилда «Шуҳрат» ордени билан мукофотланган.

У Каттақўрғон туманини 2017 йилдан бери бошқариб келаётган эди. Бунгача у Қўшработ туманини бошқарган, шунингдек, Тошкентдаги «Элит Фаворит» хусусий корхонасида директор маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

2006−2008 йилларда Аъзамхон Бахрамов Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимни эгаллаган. Шунингдек, у вилоят ҳокимининг саноат, тадбиркорлик, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари (2005−2006), «Ўзбекенгилсаноат» ДАК бошқаруви раиси (2003−2005), Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси (2001−2003), макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг биринчи ўринбосари (2001), Бош вазир котибиятининг мудири (2000−2001) ва Вазирлар Маҳкамасида бошқа лавозимларда ишлаган.