Навоий вилоятининг Конимех туманидаги 2-сонли «Олтин калит» мактабгача таълим ташкилоти шу йилнинг февраль ойида тантанали равишда фойдаланишга топширилган эди. Боғча қурилиши учун 4 млрд сўм сарфланган. Шунга қарамасдан, ҳозирда муассаса таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» кўрсатувида маълум қилинди.

«Март ойининг иккинчи ярмида барча таълим ташкилотлари карантин сабаб ёпилган бўлса, янги боғча қанча муддат фаолият юритдики таъмирга муҳтож бўлса, яхши ҳамки ҳали ёғин-сочинли кунлар келмади. Хўш, бунга сабаб нима? Давлат томонидан ажратилган маблағ манзилга етиб бормадими? Сифатли лойиҳа қоғозда қолиб, унга ажратилган миллиардлар қаёққа кетди?» — дейилади кўрсатувда.


«Факт 24» кўрсатувдан лавҳа.

Видеодан кўриш мумкинки, бинонинг ички девори ва шифтида ёриқлар пайдо бўлган, бунга эса қурилиш вақтида ғиштларнинг нотўғри терилгани сабаб қилиб кўрсатилади. Конимех тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Хонимгул Норбоева эса интервью давомида: «Юқори ташкилотимизга хат билан чиқдик. Бўлимимиз қурилиш фирмаларига чиқиб, маслаҳатлашиб, бузиб, деворни қайтадан тиклаш ишлари бошланиб кетуди», — дея қайд этади.

«Қайтадан бутунлай деворни янгидан қилиб беришни масаласини биз кўтариб чиқдик. Ҳеч қандай девор қуламаган, фақат ёриқ бўлган эди. Ёриқни олиб ташлаб, гипсокартон билан таъмирлаб беришди. Бу қўшимча хожатхона ва ювиниш хоналарининг деворлари», — дейди боғча директори Бибигул Аҳмедова.

Шунингдек, кўрсатувда Конимехда ҳар куни бир бино қурилиб, раҳбарларнинг бош қашишга вақти етмайдиган даражада бунёдкорлик бўлмаётгани, маҳаллий ҳокимлик вакиллари масъулиятсизлиги, янги бино шу аҳволда қурилиб, буни ҳеч ким назоратга олмаслигига эътибор қаратилади.

Маълумот ўрнида, республикада сўнгги 4 йил ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 3 баробарга ошиб, 5200 тадан 14200 тага етди. Болаларни қамраб олиш эса 54 фоизга етказилган. Давлат хусусий шериклик механизми жорий этилиши натижасида 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7400 та хусусий боғча ташкил қилинди.