Жаҳонда тасдиқланган коронавирус ҳолатлари сони 40 млн кишидан ошди. Бу статистика АҚШнинг Жонс Хопкинс университети маълумотлар базасида келтирилган.

АҚШда 8,1 млн кишига COVID-19 ташхиси қўйилган ва мамлакат ушбу кўрсаткич бўйича етакчи ўринни эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда Ҳиндистон жойлашиб, ҳозирда мамлакатда 7,5 млн дан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Учинчи ўринда 5,2 млн нафар беморлар билан Бразилия турибди. Кейинги ўринларда эса Россия (1,4 млн) ва Аргентина (989 минг) бормоқда.

Дунё бўйича 1 млн 113 мингдан ортиқ инсон коронавирусдан вафот этди. Улардан 219,6 минг нафари — АҚШда, 153,6 минги — Бразилияда, 114,6 минги — Ҳиндистонда. COVID-19 дан тузалганлар сони эса 27,5 млнга етди.

Қозоғистонда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 109 мингга етган. Қирғизистонда эса ушбу кўрсаткич 52 мингдан, Тожикистонда 10 мингдан ва Афғонистонда 40 мингдан ошган.

ССВнинг хабар беришича, Ўзбекистонда 19 октябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 63 430 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйлаб коронавирус юқтирганларнинг сони 30 млнга етгани ва бироз ўтиб, қурбонларининг сони 1 млн дан ошгани ҳақида хабар берган эдик.