Республика патологик анатомия маркази директори, ССВ бош патологоанатоми Ражаббой Исроилов ижтимоий тармоқларда тарқалган Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этганларнинг жасади берилишини қариндошлари муассаса эшиги олдида узоқ вақт кутиб қолаётгани акс этган видеоролик юзасидан изоҳ берди. Тасвирда аёллардан бири баъзилар жасадни олиш учун 5 кун кутишлари кераклигини айтади.

«Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб патологик анатомия бўлими фаолияти ташкил этилди. Эндиликда, ортиқча оворагарчиликларига йўл қўймаслик, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур шифохонада вафот этганларнинг майитини қариндошлари ушбу бўлимдан олиб кетишлари мумкин. Бундан аввал майит Республика патологик анатомия марказига олиб бориларди», — дея Ражаббой Исроиловнинг сўзларини эълон қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги «Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этишда хавфсизликни таъминлаш бўйича вақтинча қоидалар»га асосан, ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиб, шундан сўнггина патологик анатомия бўлимига олиб келинади. Кейин мурда рўйхатдан ўтказилиб, 3 фоизли хлорли эритмада зарасизлантирилади, мурданинг диний эътиқодига кўра, ювилиб (кафанланиб ёки кийинтириб) қаришдошларига топширилади.

«Бу амалиётлар ўтказилиши учун ўртача 3−4 соат вақт талаб этилади. Бу вақтда қариндошлар муассаса эшиги тагида кутиб қолмоқда», — деди у.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видео ва матнли хабарларда «Коронавирусдан вафот этган мурдаларни олиб кетишда навбат кутувчилар шунча бўлса, уларнинг сонини статистика нега кам беряпти», деган мулоҳаза ҳам мавжуд.

«Патологик анатомия бўлими эшиги олдида кутиб турган одамларнинг кўплигининг сабаби аслида бир нафар мурдани олиб кетиш учун камида 4 нафар қариндоши келади, бу эса ўз-ўзидан фуқароларни ваҳимага тушишига сабабчи бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, статистика маълумотларини сохталаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас», — дея таъкидлади Ражаббой Исроилова.

Унинг сўзларига кўра, Зангиота туманидаги юқумлик асалликлар шифохонасида нафақат коронавирус билан касалланганлар, балки бошқа турдаги ўткир инфекция ва пневмония билан оғриган беморлар ҳам даволанмоқда.

«Коронавирусдан вафот этганлар статистикасида фақат „COVID-19“ диагнози вирусологик текширувда тасдиқланганлар сони берилади, лекин бу шифохонада пневмония ва бошқа инфекцион касалликлардан ҳам вафот этаётганлар бор. Табиийки, улар коронавирус статистикасига киритилмайди», — деди у.

ССВ бош патологоанатоми ушбу шифохонадаги патологоанатомик бўлими янада такомиллаштирилиб, кечки навбатчиликни ҳам ташкил қилиш ва тунги вақтларда майитни қариндошларига топшириш имконини яратиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Зангиота шифохонаси атрофида тобут ташийдиган машиналар нархларни 700 мингдан бошлаб кўтариб юборган, деган хабарларга эса, Ражаббой Исроилов жасадларни етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази зиммасида эмас, дея жавоб берди. Унинг айтишича, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида дафн этиш маросимини ташкил қилувчи хусусий ташкилотлар жасадни ташиб беришни таклиф қилишмоқда.