18 октябрь куни Андижон вилоятининг Балиқчи туманида содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди ва яна тўрт киши касалхонага ётқизилди, деб хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси.

Ҳодиса 18 октябрь куни соат 15:00 да «Афсона» маҳалласида содир бўлди. 40 ёшли Ф.Х. бошқарувидаги Nexia автомашинасини Балиқчи-Ўрмонбек автомобиль йўлининг Ўрмонбек йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, шу йўналишда қаршисидан ҳаракатланиб келаётган 53 ёшли А.Ў. бошқарувидаги Nexia билан тўқнашув содир этган.

Натижада Nexia ҳайдовчиси Ф.Х. ва йўловчи 53-ёшли Ж.М. ҳодиса жойида вафот этган. Ҳар иккила автомашинадаги яна 3 нафар йўловчи ва бошқа бир ҳайдовчи турли кўринишдаги тан жароҳатлари олиб, касалхонага мурожаат қилишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.