Жиззахда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

15 октябрь куни соат 16:00 да, 26 ёшли Ш. И. ўзининг бошқарувидаги Nexia автомашинасида Ғаллаорол тумани, Чувуллоқ қишлоғи ҳудудидан ўтган Даштобод-Зомин-Бахмал автомобиль йўли бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтида, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган 28 ёшли Э.Р. бошқарувидаги Nexia автомашинаси йўлига чиқиб кетиб, у билан тўқнашган.

Натижада, ҳар иккала автомашина ҳайдовчилари йўл-транспорт ҳодисасида олган тан жароҳати сабаб ҳодиса содир бўлган жойда вафот этишган.

Шунингдек, марҳум Э.Р. нинг бошқарувидаги Nexia автомашина йўловчиси Б.Ш. ҳамда Ш. И. нинг бошқарувидаги Nexia автомашина йўловчиси А.У. лар турли тан жароҳатлари олиб, Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.