Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига биноан, таълим контракти тўловини иш ҳақи ёки бошқа даромадлардан амалга оширган шахс солиқ имтиёзлари олса бўлади. Имтиёзларнинг мазмуни шундаки, фуқароларнинг ОТМларда таълим олиш учун ажратилган даромадлари солиққа тортилмайди.

Имтиёздан ким фойдаланиши мумкин?

  1. Фарзандлари (26 ёшга тўлмаган) шартнома асосида ўқийдиган ота-оналар;
  2. Турмуш ўртоқлари шартнома асосида ўқийдиган шахслар;
  3. Расман ишлаётган талабалар.

Ушбу имтиёз яқин қариндошлар, яъни ака-ука ва опа-сингиллар, хола, амаки ва бошқаларнинг шартномаларини тўлашга қўлланилмайди.

Солиқ чегирмаси нима имтиёз беради?

Давлат ОТМлари ва Ўзбекистонда аккредицитациядан ўтган олийгоҳларда ўзининг ўқиши, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки турмуш ўртоғининг ўқиши учун йўналтириладиган маблағларга солиқ чегирмаси берилади.

Масалан, фуқаро 5 млн сўм иш ҳақи олади, бундан 1 млн сўмни 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контракти учун ОТМ ҳисобига ўтказяпти. Демак, контракт учун йўналтирилган 1 млн сўмдан солиқ ундирилмайди. Қолган 4 млн сўмдан солиқ олинади.

Солиқ имтиёзи қайси даромад манбаларига тааллуқли?

Қуйидаги манбалар ҳисобидан ўқиш учун тўлов амалга оширилганда, жисмоний шахсларга солиқ чегирмаси тақдим этилади:

  1. Ўз маблағлари;
  2. Жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари;
  3. Юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлар (ссудалар).

Солиқ имтиёзини қандай олса бўлади?

Солиқ имтиёзи жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларациясини солиқ хизмати органларига топширган ҳолда ёки солиқ тўловчининг тўлов манбаига (иш берувчи) ёзма аризаси асосида олиниши мумкин.

Агар солиқ имтиёзи иш жойидан қўлланилса, жисмоний шахс қуйидагиларни ташкилот бухгалтериясига тақдим этади:

  1. Талаба (талабалар) билан олий ўқув юрти ўртасида тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  2. Тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси (агар таълим кредити олган бўлса);
  3. Таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Бу ҳолда, ташкилот бухгалтерияси контракт тўлаш учун ажратилган мабғлани маошдан ушлаб қолиб, ОТМ ҳисобига тушуради.

Даромадларнинг 50 фоизидан кўпроғини ушлаб қолиниши ман этилади.

Агар солиқ чегирмаси шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияси асосида қўлланилса, қуйидагиларни турар жойидаги солиқ органларига тақдим этади:

  1. Талаба (талабалар) билан олий ўқув юрти ўртасида тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  2. Тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси (агар таълим кредити олган бўлса);
  3. Олий ўқув юртлари ҳисоб рақамига (таълим кредитини қоплаганда тижорат банки ҳисоб рақамига) пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
  4. Паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи таълим олувчининг ўзи томонидан қўлланилганда);
  5. Паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи ота-она томонидан қўлланилганда) ва таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
  6. Паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи турмуш ўртоғи томонидан қўлланилганда) ва таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида, рўйхатдан ўтган почта орқали ёки солиқ идорасига шахсан ташриф буюриб топширилиши мумкин. Солиқ чегирмасини олиш бўйича фуқаро аризаси бир ой ичида кўриб чиқилади, дея хабар берди ДСҚ вакили «Газета.uz»га